Гамбургердан инсон ва каламуш ДНКси топилди

14:23, 12 май

Америкалик тадқиқотчилар гамбургердан инсон ва каламуш ДНКсини топишди. Бу жудаям ёмон хабар эмас, деб маълумот берди “Vesti.ru” нашри.  

Clear Labs компанияси вакиллари супермаркетларда сотиладиган музлатилган котлетлар, Американинг Калифорния штати ҳудудидаги овқатланиш тармоқларида сотиладиган гамбургерларни, жами 258 хил маҳсулот намунасини текширувдан ўтказишди. Текширув жараёнида 13,6 фоиз муаммо аниқланди. Маҳсулот ишлаб чиқарувчилар унинг устига маҳсулотнинг калориясини ёзган ҳолда, унинг таркиби ҳақида маълумот беришни “эсдан чиқариб қўйишади”. Мол гўштидан тайёрланган котлетда чўчқа, курка гўштидан тайёрланганида эса товуқ ДНК си борлиги аниқланди.

Тадқиқотчиларнинг яна бир хулосаси бургерхўрларни асабийлаштириши мумкин. Баъзи бир маҳсулотларда эса каламуш ва ҳатто... инсон ДНКлари мавжудлиги аниқланган. Бу у даражада даҳшатли хабар эмас, дейди тадқиқот муаллифлари. Аксарият маҳсулотларда инсон ва сут эмизувчи ҳайвонлар генетик материалини, ҳатто ҳашарот, қурт-қумурсқаларни ҳам топиш мумкин. Бу дегани, гамбургер тайёрланиш жараёнида унга инсон сочи ёки каламуш жуни қўшилиб қолиши мумкин. Бундай ҳолларни назорат қилувчи хизмат ходимлари бундан хабарлари борлигини омма олдида тан олишди. 

Бундай гамбургерлар инсон ёки каламуш гўштидан тайёрланмайди, бирор киши қўлига қўлқоп киймай гамбургерга тегса ҳам юқоридаги воқеа рўй бериши мумкин. Вегетарианлар биз муаммодан халосмиз деб хурсанд бўлишаётган бўлса, уларни ҳам ранжитадиган хабар бор. Вегетариан котлетларидан гўшт қолдиқлари топилган.

Экспертлар Clear Labs тадқиқотлари хулосасининг ҳеч қандай ёмон томони йўқ, деб ҳисоблашмоқда. Улар ўтган йили хот-дог таркибини текширишганда, сосискадан ҳам инсон генетик материалини топишган эди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!