Путинга экскурсия уюштирган генерал ноқулай вазиятга тушиб қолди (Видео)

12:06, 13 май

Россия президенти Владимир Путиннинг Сочига қилган ташрифи чоғида унга ҳамроҳлик қилаётган генерал-лейтенант Александр Шевченко янги ҳарбий-техникани намойиш қилмоқчи бўлиб, “УАЗ-Патриот” автомобили эшигини очмоқчи бўлганди эшик тутқичини юлиб олди. Бу воқеанинг видеоёзувини Life нашри эълон қилди, деб хабар берди “Тjournal.ru”. 

“УАЗ-Патриот” автомобилининг ишлаш жараёни ҳақида изоҳ берган Шевченко, автомашина оддий йўлда бошқа автомашиналар оқимига сездирмай қўшилиб олиши мумкинлигини айтиб ўтди. Бундан ташқари пикапга пулемёт ёки гранатомёт ҳам ўрнатиш мумкин, автомашина кузовида снаряд сақлаш учун артиллерия омборчаси ҳам жойлашган.

Путин машина кабинасига яқинлашиб, уни очиб кўрмоқчи бўлди, аммо бунинг уддасидан чиқолмади. Ёрдамга етиб келган Шевченко автомашина тутқичини бир неча марта тортиб кўрди, бироқ эшик очилмай, тутқич унинг қўлида қолди.

Буни кўрган президент “Яшанг!” деб кулиб юборди. Ноқулай аҳволда қолган Шевченко тутқични автомашинанинг очиқ ойнасидан ўриндиққа ташлади.

Russia Today видеоёзувларида экскурсия тафсилотлари тўлиқ кўрсатилди, бироқ телеканал юлинган тутқич воқеасини намойиш этмади. “Life” нашри томонидан саволга тутилган мутахассислар автомашина эшиги электрон қулф билан беркитилгани туфайли очилмай қолганини, двигатель ишлагандан кейин Шевченко унинг ҳеч бир қийинчиликсиз очганлигини маълум қилди. Шевченконинг ўзи эса бу воқеани: “Россия ҳарбий кучлари генерали ҳам жисмоний тарбиядан синов топширади. Унинг жисмонан бақувватлиги ҳар қандай нормативни бажаришига имкон беради”, деб изоҳлади.

Россия Мудофаа вазирлиги сайтида генерал-лейтенант Шевченко вазирликнинг автобронетанк бошқармаси бошлиғи лавозимида хизмат қилиши ҳақида айтиб ўтилган. Экскурсияда Путин билан бирга Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳам иштирок этган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!