300 АҚШ долларига сотилган мактаб директори

12:50, 13 май

“Сиз барибир бу вазифага нолойиқсиз. Ўрнингизга олий маълумотли ходимни ишга оламан, янги ходим эса 300 доллар ваъда қилаяпти...”

Тегишли ҳуқуқ тартибот органлари томонидан тамагирликни “касб” қилиб олаётганларга қарши кураш олиб борилаётганига қарамай, бу жиноят тури ҳамон учраб турибди. Энг ачинарлиси, бу жиноятнинг мансабдорлар томонидан содир этилаётганидир. “Ҳуқуқ” газетасининг  жорий йил 21 апрелда чоп этилган 16-сонидаги бир жиноят тафсилоти юқоридаги фикрларнинг исботи, десак муболаға бўлмайди.

Мактаб директори Азиза Ҳайитова олий маълумотга эга бўлмаган ходимларни ишдан бўшатиш ҳақида кўрсатма олади. Ходимларининг 12 нафари ўрта-махсус маълумотга эга экан. Улар орасида анча йилдан бери ишлаб келаётган "Ахборот-ресурс маркази" мудираси Шаҳноза Эрматова ҳам бор эди.

Директор уни чақириб, малака ошириб келишни тайинлади. Ш.Эрматова шароити оғир бўлса-да, раҳбарининг айтганини қилди. Вилоят марказида бир ой малака ошириш курсларига қатнашди. Қайтиб келгач, директор уни яна йўқлади:

—  Сиз барибир бу вазифага нолойиқсиз. Ўрнингизга олий маълумотли ходим бор, шуни оламан, — деди у.

—  Бу нима деганингиз? Ахир мен ишимни яхши кўраман. Қолаверса, педагогик фаолият олиб бормайман-ку?!

—  Бунинг менга қизиғи йўқ. Янги ходим эса 300 доллар ваъда қилаяпти, — деди директор эшикни кўрсатаркан. Ишдан бўшашни истамаган Шаҳноза дангалига кўчди:

—  Ўша пулни мен берсам-чи?! Бўлмайдими?

—  Тушунарли! Демак, ишламоқчисиз. Майли, ёнингизда қанча бўлса, ташлаб кетинг, — деди Азиза Ҳайитова ҳам очиқчасига. Шаҳноза сумкасидан 55 минг сўм пул олиб узатди.

—  Ҳа, бори шуми?! — деди энсаси қотиб директор. — Қолганини ҳам тезлаштиринг.

Шаҳноза қолган пулни қаердан топишни билмай, боши қотди. Бу орада директор ундан бир неча марта тезлаштиришни сўради. Нима қилишни билмаган Шаҳноза отасига дардини айтди. Отаси эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишни маслаҳат берди.

Эртасига Азиза Ҳайитова ўз хизмат хонасида Шаҳнозадан 200 АҚШ долларини олаётганида ашёвий далил билан қўлга олинди.

Суд тамагир директорни айбига яраша жазолади.

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!



Гость 12:17, 14 май
Мана буни хакикат деса булади ОТМ да хам шундай иш килинглар