Такрорий допинг тести ижобий чиққан Лукас Браун чемпионлик камаридан маҳрум этилди

12:53, 13 май

Профессионал бокснинг супероғир вазн тоифасида WBA (Regular) йўналиши чемпиони австралиялик 37 ёшли Лукас Браун чемпионлик камаридан маҳрум қилинди. Допинг учун такрорий тест топширган Брауннинг қон таркибида тақиқланган кленбутерол моддаси борлиги аниқланган, деб ёзади “Olamsport” нашри.

Эслатиб ўтамиз, Лукас Браун 5 март куни Грозний шаҳрида ҳамюртимиз Руслан Чагаевни 10-раундда техник нокаутга учратиб, чемпионлик камарини қўлга киритган эди. Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) мавжуд қоидаларга кўра австралиялик боксчини олти ойга боксдан четлатди. 

Шунингдек, чемпионлик камаридан ҳам маҳрум қилди. Ҳозирча чемпионлик унвони Руслан Чагаевга қайтариладими, йўқми, буниси маълум эмас. Боиси, айрим манбаларда Чагаев фаолиятини якунлаши ҳақида маълумотлар берилганди. Энди Руслан 120 кун ичида Фрес Окендо билан чемпионлик жанги юзасидан келишиб олиши керак бўлади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!