Давлат рақобат қўмитаси мавсумда шакар танқис бўлмаслигини маълум қилди

11:53, 14 май

Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари томонидан, мавсум олди шакар маҳсулотига бўлган талабнинг ошишини ҳисобга олган ҳолда, истеъмолчиларни етарли даражада маҳсулот билан таъминлаш, маҳсулотнинг сунъий танқислигини келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳолатларни бартараф этиш мақсадида, амалий ишлар бажарилмоқда.

Жумладан, шакар ишлаб чиқарувчи “Хоразм шакар” АЖ ҚК ҳамда “Ангрен шакар” МЧЖ ХК ларига мавсум олди шакар маҳсулоти ҳажмларини ошириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди. Амалга оширилган ишлар давомида, жорий йилнинг январ-апрел ойларида ишлаб чиқарилган шакар маҳсулоти ҳажмлари, ўтган йилнинг шу ойларига нисбатан ўсиш суръати 118,6% ни ташкил этди. Бу ҳақда Давлат рақобат қўмитаси матбуот хизмати хабар беради.

Шу билан бирга, 2016 йилнинг май-август ойларида ҳар ой учун ўртача биржа савдоларига қўйиладиган маҳсулот ҳажмлари ўтган апрел ойига нисбатан 1,6 марта кўпроқ маҳсулот қўйилиши режалаштирилган.

Бугунги кунда республиканинг барча ҳудудларида, шу жумладан Тошкент шаҳрида 1 кг шакарнинг улгуржи нарҳи 3200 сўмни ташкил қилган. Шунингдек, йирик супермаркетларда истеъмолчиларга қулай бўлиши учун 1 кг, 2 кг ва 5 кг қадоқланган ҳолда шакар савдоси ташкил қилинган бўлиб, уларнинг чакана нархи 1 кг учун 3700 сўмдан ошмаслиги таъминланган.

Қўмита ва унинг ҳудудий органлари томонидан доимий равишда жойлардаги савдо корхоналари томонидан шакар маҳсулотини белгиланган нархлардан юқори бўлмаган нархларда сотилиши назорат қилиб келинмоқда.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!