Ўзбекистонда янгиланган Captiva сотувга чиқди(Фото)

16:46, 14 май

Ўзбекистонда 2016-модель йилига мансуб янгиланган Chevrolet Captiva кроссоверининг савдоси бошланди. Бу ҳақда, «Газета.uz» маълумотларига асосланиб, “Дарё” хабар бермоқда.

Рестайлингдан сўнг, модель кузовининг олд қисми сезиларли ўзгариб, унинг услуби Chevrolet автомобиллари дизайнининг замонавий йўналишига мувофиқлаштирилди.

Йўлтанламаснинг радиатор панжараси янгиланган, асосий чироқлари нисбатан компакт кўриниш олган ва ёруғлик диодли кундузги чироқлар бўлмаси билан тўлдирилган, олд бампер ўзгарган.

Интерьер ҳам замонавийлашган — машина аудиотизимни бошқариш модулига эга янги уч кегайли рул чамбараги ва иқлим назорати блоки нисбатан қулай бўлган ҳамда шаклан ўзгарган марказий консоль билан таъминланган.

Кроссовердаги энг асосий янгиликлардан бири — унга ҳам iOS, ҳам Android операцион тизимида ишловчи смартфонлар билан тўлиқ интеграциялаша оладиган, сенсор экрани 7 дюйм бўлган иккинчи авлод MyLink мультимедиа тизими ўрнатилганидир.

Смартфонни тизимга улаб, MyLink билан уйғунликда ишлай оладиган мобил дастурлар (масалан, хариталар ва навигация дастурлари)дан фойдаланиш, қўнғироқларни амалга ошириш, фотосуратлар ва видеороликларни томоша қилиш мумкин. Шунингдек, овоз билан бошқариш имкони ҳам бор.

Captiva’нинг хавфсизлик тизими орқа эшикка ўрнатилган орқа томонни кўрсатувчи камера билан тўлдирилган. Машинада олд ва орқа чироқларнинг автоматик ёниши ва ўчишини назорат қилиб турувчи тизим ҳам бор.

Маҳаллий бозорда ягона — LTZ комплектациясида таклиф қилинадиган автомобилда одатий чарм салон ва ён томонда пўлат зинапоялар бор. Аввалгидан фарқли ўлароқ, харидорларга яна қўшимча тўрт хил рангдаги Captiva таклиф қилинмоқда.

Машина аввалгидек — ҳажми 3 литр, қуввати 258 от кучига тенг бўлган 6 цилиндрли двигатель ва олти босқичли автомат тезлик узатиш қутиси билан таъминланган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!