Томошабинлар “Евровидения-2016” натижаларини қайта кўриб чиқишни талаб қилди​

11:34, 17 май

“Евровидения” мухлислари танлов натижаларини қайта кўриб чиқишни талаб қилишди. Улар шоу сиёсийлаштирилиб юборилганидан норози бўлиб, имзо йиғишмоқда, деб хабар берди “Ntv.ru” нашри. 

Change.org сайтида “Евровидения-2016” танлови натижаларини қайта кўриб чиқиш талаб этилган петиция пайдо бўлди. Унга 35 минг имзо зарур бўлган, 40 минг киши имзо чеккан. Ариза муаллифи арманистонлик Артур Оганесяндир. Унинг Европа ахборот иттифоқига ёзган мурожаатини Буюк Британия, Франция, Германия, Испания, Австралия, Сербия, Швеция, Россия, Украина ва бошқа мамлакатларнинг фуқаролари қўллаб-қувватлаган.

Ариза матнидан парча: “Ҳакамлар ҳайъатининг ва телеаудиториянинг овоз бериши жуда оғир ва ҳис-ҳаяжонга тўла жараён эканлигини яхши тушунамиз. Аммо биз, бу йилги  танлов “ғолиби” ҳақиқий ғолиб эмас, ғалаба бошқа одамга насиб этиши керак эди, деб ҳисоблаймиз”.

Мадридлик Кристиан Гарридо ҳам ариза ёзиб, Испанияни “Евровидения-2017”да қатнашмасликка чақирди. Унинг фикрича, Стокгольмда ўтказилган танловнинг финал қисми “таҳқирлашдан” иборат бўлганлигини, Европа аҳлига унинг натижалари сиёсий қарашлардан келиб чиқиб баҳоланиши маълум бўлганлигини билдирган. 

“Евровидения”нинг немис миллатига мансуб томошабинлари ҳам OpenPetition порталида Германияни ҳам келгуси йил танловда қатнашмасликка чақирган. Бир фаолнинг фикр билдиришича, “Танловнинг бадиий савияси юқори бўлса-да, у сиёсий қарашларни акс эттиради”.  

Францияда эса “Евровидения” танлови натижаларини шарҳлаган, France 2 телеканали бошловчисини ишдан бўшатиш тўғрисидаги аризага имзо йиғиш бошланган. Ариза муаллифининг ёзишича, бошловчи Мариан Жеймс тўғридан-тўғри эфирда Россияни қоралаб, Франция номига доғ туширган.  

Эслатиб ўтамиз, “Евровидения” томошабинлари россиялик Сергей Лазеревга, австралиялик Дэми Имга овоз беришганига қарамай, ғалаба украиналик Жамолага насиб этди. Бу йилги “Евровидения” тарихдаги энг сиёсийлаштирилган танлов деб ном қозонди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!