ЎзМУ ректори Ўзбек тили ва адабиёти университети ректори этиб тайинланди

16:11, 17 май

Шуҳрат Сирожиддинов янги ташкил этилган Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори этиб тайинланди, деб ёзади “Gazeta.uz” нашри.

Мирзо Улуғбек номли Ўзбекистон давлат миллий университети ректори, профессор, филология фанлари доктори Шуҳрат Сирожиддинов янги ташкил этилган Алишер Навоий номли Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори этиб тайинланди. Янги олий ўқув юрти Президент Ислом Каримовнинг фармонига биноан 2016 йил 13 май куни ташкил топди. 

Шуҳрат Сирожиддинов (1961 йилда туғилган) ЎзМУ га 2015 йилнинг июнь ойидан бери раҳбарлик қилиб келмоқда. 2014 йилда у университет ўқув ишлари проректори, 2012-2014 йилларда эса Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори, 2005-2012 йилларда эса Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида биринчи проректор вазифаларида ишлаган. Шуҳрат Сирожиддинов 1984 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУнинг) шарқшунослик факультетини тугатган.   

ЎзМУнинг сайтида, Шуҳрат Сирожиддинов матншунослик ва адабиётшунослик соҳаларидаги йирик олимлардан бири ҳисобланиши айтиб ўтилган. Ўзбек классик адабиёти, таржима назариялари бўйича фундаментал илмий ишлари мавжуд. У 140 дан ортиқ илмий мақолалар, 16 монография ва ўқув қўлланмалар муаллифидир. 

Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ЎзМУ ўзбек филологияси факультети, Низомий номли Тошкент давлат педагогика университети ўзбек тили ва адабиёти факультети ва фанлар академиясига қошидаги Алишер Навоий номли тил ва адабиёт институти базасида ташкил этилади. 2016- 2017 йилларда Университет илк талабаларни ўқишга қабул қилади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!