АҚШ сўнгги 40 йил мобайнида илк маротаба Саудия Арабистонидан қарзи миқдорини эълон қилди

17:18, 17 май

АҚШ молия вазирлиги сўнгги 40 йил мобайнида илк маротаба Саудия Арабистонига тўлаши лозим бўлган қарз миқдорини эълон қилди, деб хабар берди “Ria.ru” нашри. 

Март ойидаги маълумотларга кўра, Вашингтоннинг Эр-Риёд олдидаги қарз миқдори 116,8 миллиард долларни ташкил этган. Аналитикларнинг ҳисоб-китобига кўра, январь ойидаги рекорд даражадаги қарзга таққослаганда бу қарз олти фоизга камайган. 

Саудия Арабистони АҚШнинг асосий кредиторлари ўнталигига киритилган. Бу рўйхатда Хитой (1,3 триллион доллар) ва Япония (1,1 триллион доллар) етакчиликни ўз қўлларига олишган. 

АҚШда Америка давлат облигацияларига эга бўлган чет элликлар тўғрисида 1974 йилдан бери маълум қилиб келинади. Бу ерда Саудия Арабистонига тўланиши керак бўлган қарз миқдори аниқ кўрсатилмаган бўлса-да, бошқа мамлакатлар ОПЕК маълумотлари билан бирга қўшиб келтирилган. 2016 йил февраль ойида бу гуруҳга облигациядаги 281 миллиард доллар тегишли бўлган.

Эр-Риёдга тўланиши керак бўлган қарз миқдори 1973 йилда араб мамлакатлари АҚШга нефть етказиб беришни тақиқлагандан кейин эълон қилинмаслик тўғрисида қарор қабул қилинган эди. Шундан кейин Вашингтон Саудия Арабистони билан стратегик муносабатларни сақлаб қолиш учун ён босишга мажбур бўлган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!