“Евровидение” тугади, баҳслар давом этмоқда

12:30, 18 май

“Евровидение-2016” танлови ташкилотчилари ижтимоий тармоқ орқали имзо йиғиб, ариза ёзган фуқароларга танлов натижалари қайта кўрилмаслиги ҳақида расмий жавоб берди, деб хабар берди “Вести” нашри.

Мазкур аризага 300 мингдан ортиқ одам имзо чеккан. Ўндан ортиқ мамлакатларнинг телетомошабинлари ҳакамлар ҳайъатининг қароридан норози бўлиб, буни сиёсатга асосланган баҳо деб ҳисоблашган. 

Жамаланинг ғалабаси шарафига Киев шаҳрида ўтказилган матбуот анжумани дабдурустдан Сергей Лазеревнинг қўшиғи билан бошланди. Залга кириб келган Жамола нима қилишни билмай, эсанкираб қолди ва ўзини тутиб олиб, рақсга тушаётгандай ҳаракатларни амалга оширди. Украинанинг “Евровидение” бўйича делегация вакиллари микрофонни ўчиришга ҳарчанд уринишса-да, уддасидан чиқишолмади. Жамала буни кўриб, “Қизиқ, матбуот анжуманимизни Сергей Лазеревнинг қўшиғидан бошладик”, деди. 

Айни пайтда Сергей Лазеревнинг қўшиғини ким қўйганлигини аниқлаш юзасидан суруштирув ишлари олиб борилмоқда. Аммо бу қўшиқни Украина аҳли “зўр қўшиқ” деб тан олгани ҳеч кимга сир эмас. Жамола қўшиғи 72 йил илгари Қримдан депортация қилинган ватандошлари ҳақида эканлигини, айнан Қримда “Евровидения” танлови ўтказилишини орзу қилишини айтиб ўтди. Мамлакат президенти Порошенко эса бу қўшиқнинг илк номи “Қрим бизники” деб аталганини оммага ошкор этди. У Жамалани Қрим масаласига катта ҳисса қўшганлиги, энди бу масала дунё миқёсида муҳокама қилиниши учун замин бўлиши билан қутлади ва Жамалага Украина халқ артисти унвонини берди.

“Евровидение” мўъжизалар танловига айланди, – деб шарҳлайди блогер ва журналист Анатолий Шарий. – Ҳақиқий мўъжиза! Танлов охирида саҳнага чиққан икки мамлакат хонандасини қани ким ғалаба қозонади деб бутун дунё аҳли кузатиб ўтирибди, аммо кутилмаганда, Украина вакиласи ғолиб деб эълон қилинди. Агар бу танлов сиёсатга асосланадиган бўлса, унинг номини “Евровидения” эмас, “Сиёсатвидения” деб атанг!

Танлов натижаларидан норози бўлганлар сони 300.000 кишидан ошиб кетган, улар танлов ғолиби Сергей Лазерев бўлиши кераклигини айтишган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!