Тошкентда гематология масалалари муҳокама этилди

16:34, 19 май

Тошкентда гематология ва трансфузиология соҳасида юқори технологияли усулларнинг қўлланилиши мавзуида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Гематология масалалари замонавий тиббиётнинг энг долзарб муаммоларидан биридир. Авваллари баъзи касалликлар бедаво ҳисобланган бўлса, бугунги кунда олимларнинг изланишлари натижасида бу хасталикларни юзага келтирувчи омилларни аниқлаш, уларни янги препаратлар ва даволашнинг илғор усуллари орқали даволашга эришилмоқда.  

Замонавий гематология ва трансфузиологиядаги изланишлар, соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш, уларнинг илмий ишланмаларини кенг оммалаштиришда бу каби анжуманлар муҳим аҳамият касб этади. 

Тадбирда гематология соҳасида юқори технологияли диагностика усулларидан кенг фойдаланиш, хасталикларни тез аниқлаш, уларга ташхис қўйиш ва даволашда замонавий ёндашувларга доир масалалар муҳокама этилди. Гематологларимиз Россия, Озарбайжон, Қозоғистон каби мамлакатлардан келган мутахассислар билан тажриба алмашди.

Анжуман иштирокчилари Республика гематология ва қон қуйиш илмий-тадқиқот институтида амалга оширилаётган ишлар билан танишди, тажрибали олимлар иштирокида маҳорат сабоқлари ўтказилди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!