Саратондан 12 йил даволанган москвалик аёл 46 ёшда фарзандли бўлди

13:33, 20 май

46 ёшли Давлат думаси депутати Елена Николаевнанинг ҳаётида ҳақиқий мўъжиза рўй берди, деб хабар берди “Сosmopolitan” нашри.

Шифокорлар унга “кўкрак бези саратони” деган даҳшатли ташхис қўйишди. Унинг фарзанд кўриш ҳақидаги гапларини врачлар эшитишни ҳам исташмади, чунки аёлнинг ҳаёти хавф остида эди. Аммо Елена бундай вазиятда таслим бўлишни истамади ва ғалаба қозонди.

Елена 28 ёшда эканлигида даҳшатли ташхисдан хабар топди, бу пайтда унинг кичкина қизалоғи бор эди. У кимётерапия муолажасидан воз кечгандан кейин вазият оғирлашди. “Шифокорларнинг айтишича, менга қўйилган ташхис билан яшашнинг, тузалиб кетишнинг имкони бўлмаган. Мен дунёда бу дарддан халос бўлган ягона одамман!”, деди қувонч билан Елена “Комсомольская правда” газетасига берган интервьюсида. 

Елена қизалоғини дунёга келтириб, унга кўкрак тутаётганда, кўкрагининг қаттиқлашганини сезади. “Орадан маълум вақт ўтгач, кўкрагим шишиб, тугунлар пайдо бўлди. Кичкина без бир-икки ҳафтадан кейин тухум катталигига эга бўлди. Буни кўриб, аҳволим чатоқлигини ҳис қилдим. Мени зудлик билан касалхонага ётқизишди ва кўкрагимни операция қилишди. Операция жараёнида безлар битта эмас, бир нечталиги аниқ бўлди”, деб ҳикоя қилади аёл.  

Елена умумий ҳисобда ўндан ортиқ операцияни бошдан кечирган. Бу операциялар натижасида безлар метастаза бериб, тананинг бошқа аъзоларига тарқала бошлаган. Врачлар энди даволашнинг иложи йўқ дейишди. Бундан кайфияти тушган Елена Америкага йўл олади, у ердаги онкологлар ҳам москвалик врачларнинг ташхисини тасдиқлашади. 

Еленани оғир кечинмалардан ишонч ва дуолар қутқарди. Дори-дармонли терапия ва яна бир неча лимфатугунларнинг операцияси кўп ўтмай, ўз самарасини беради. Таҳлил натижаларини кўрган врачлар ҳайратдан ёқа ушлашади, чунки метастазлар йўқолган эди. Таҳлил натижаларини ўрганган америкалик олимлар буни “рус мўъжизаси” деб аташди. Онкология тарихида бундай мўъжиза камдан-кам ҳолатда учрайди. 

Операциядан икки йил ўтгач, кўп болали она бўлишни орзу қилган Елена яна бир фарзандни дунёга келтиришни истайди. Тиббиёт ходимлари унга хонанда Жанна Фрискенинг бошидан кечирганларини — ҳомиладор бўлгач, касаллик кучайиб кетганлигини эслатишади.  

Барча ваҳимали башоратларга қарамай, Елена 46 ёшида ўғлини дунёга келтирди ва дунё аҳлига врачлар ҳар қандай қўрқинчли ташхисни қўйишмасин, енгилмасликни, умид-ишончни йўқотмасликни, ирода кучига таянишни исботлаб берди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!