86 ёшли америкалик етишмовчилик сабаб касал рафиқасини отиб ўлдирди

15:13, 20 май

АҚШнинг Флорида штатида яшовчи эркак суяк оғриғидан азият чекаётган рафиқасини отиб ўлдирди, деб ёзади “Lenta.ru”.

86 ёшли Уильям Хэйгер ўзининг 78 ёшли рафиқаси Кэролинни у ухлаётган пайтда отиб ташлаган. Сўнг у ўзига қаҳва дамлаб ичган ва қилган иши ҳақида айтиш учун қизларига қўнғироқ қилган. Шундан сўнггина қария 911 хизматига қўнғироқ қилган ва қотиллик содир этганини тан олган. 

Хэйгер полициячиларга қарата: “Мен сизларга аввалроқ хабар бермаганимдан афсусдаман. Бироқ мен дастлаб фарзандларимга хабар беришни маъқул кўрдим”.

Эркак, шунингдек қотиллик содир этишни бир неча кун давомида ўйлаб юрганини маълум қилган. 

Кэролин 15 йилдан бери артритнинг оғир формасидан азият чекиб келарди. Сўнгги пайтларда уни кучли оғриқлар қийнарди. У турмуш ўртоғига бир неча бор ўлишни исташини айтган, бироқ эридан ўзини отиб ташлашни сўрамаган эди. 

Пенсионернинг айтишича, оғриқсизлантирувчи дориларнинг нархи кўтарилиб кетгани боис у рафиқаси билан етишмовчиликдан азият чекарди. Мажбурий тиббий суғурта бадали эса Кэролиннинг дориларига етмасди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!