Эр ва хотин ўртасидаги истеъмолчилик муносабатларининг 4 белгиси

13:41, 21 май

Аксарият жуфтликларнинг ҳаётида шундай пайт келадики, бунда эркак хотинини худди хизматкордай, аёл эса эрини пул топиш манбаи деб қабул қилади, деб маълумот беради “Lady.mail.ru” нашри. 

Эр-хотиннинг бир-бирига нисбатан бўлган бундай муносабати истеъмолчилик муносабатлари деб аталади. Уларнинг орасида илгариги илиқлик, руҳий яқинлик йўқолганлигини қуйидаги мисоллар билан сизга тушунтиришга ҳаракат қиламиз.

Агар жуфтлардан бири иккинчисида фақат унинг эҳтиёжларини қондириш вазифасини бажарадиган одамни кўрадиган бўлса, бу истеъмолчилик муносабатлари деб аталади.

Агар бу сўзнинг маъносига эътибор берадиган бўлсак, у жуда ёмон маънода ишлатилмайди. “Сендан угина мендан бугина” деган бундай муносабатлар бир неча асрлар илгари юзага келган бўлиб, эр ва хотиннинг вазифалари аниқлик билан белгилаб қўйилганди. Шунинг учун йигитлар уйланаётганда иложи борича бақувват, ҳам соғлом фарзандни дунёга келтира оладиган, ҳам далада ишлашга кучи етадиган қизларга уйланишган. Эркакнинг ҳам, аёлнинг ҳам бажариши керак бўлган вазифалари аниқ бўлган.  

Эр-хотин ўртасида меҳр-муҳаббатнинг ўрнини истеъмолчилик талаблари эгаллаганлигини қуйидаги белгилардан билиб олиш мумкин.

1 белги: “Сендан угина, мендан бугина” савдоси

Аёлнинг фикри: “Болани боғчадан бугун мен оламан, сиз эса ахлат челакни тўкиб келинг”, “Мен дугоналарим билан кафега борадиган бўлсамгина, сиз ҳам дўстларингиз билан барга борасиз”, “Агар шу қиммат телефонни сотиб оладиган бўлсангиз, мен фитнесга қатнашаман”.

Эркакнинг фикри: “Агар уйда рўзғорни, болаларни эплаб ўтирсанг, суткалаб ишлаб, амал пиллапояларидан юқорилашим мумкин”, “Ўғил туғиб берсанг, тилла занжир совға қиламан”, “Агар озсанг, дам олишга денгизга борамиз”.

Бир тарафдан уй юмушларини эр-хотин ўртасида тақсимлашнинг ҳеч қандай ёмон томони йўқ, аммо бу тахминий рўйхат орқали эр-хотин бир-бирига оддий инсоний муносабатларни ҳам юкламоқчи бўлса, улар бир-бирини ҳаддан ташқари вазифа бажарувчи сифатида қабул қилишаётган бўлади. 

2 белги: “Сиз буни бажаришга мажбурсиз” деган талаб

Ҳар бир инсон орзусида идеал жуфтини яратади. Эркак киши чиройли, хушмуомала, пазанда, оқила, чаққон аёл ҳақида орзу қилса, аёл эса кучли, ўзига ишонган, ғамхўр, эътиборли эркак ҳақида ўйлайди.

Турмуш қургандан кейин эса эркак ҳам, аёл ҳам орзуси рўёбга чиқишини истайди. Ҳеч ким бировнинг идеалидаги одамга ўхшашга мажбур эмас. “Сен ёки сиз буни бажаришга мажбурсиз” деган талаб пайдо бўладиган бўлса, улар бир-бирини инсон сифатида эмас, балки муайян вазифани бажарадиган буюм сифатида қабул қилишаётган бўлади.

Мабодо аёлнинг чангга аллергияси бўлиб, уй тозалаш учун ўзи ишлаб топган пулдан бу ишни бажариш учун бировни ёллайдиган, эркак бундан норози бўладиган бўлса, бундай ҳолат истеъмолчилик муносабатларининг юзага келганини билдиради.

3 белги: Жуфтининг “хизмати” сифатидан норози бўлиш

Ҳар қандай истеъмолчи сотиб олган молининг сифатидан норози бўлиши мумкин. Бундай норозилик эр ва хотин ўртасида ҳам рўй беради:

“Бунча эпсиз, ношуд аёл бўлмасанг?” дейди эркак.

“Бунча омадсиз, дангаса эркак бўлмасангиз?” дейди аёл.

Бир-бирига озгина бўлса ҳам меҳр-муҳаббати сақланиб қолган жуфтлар бундай сўзларни ишлатишмайди, камчиликларини кўрсатиш учун бу сўзларни бошқача, юмшоқроқ тарзда ишлатади.

4 белги: Бахтли келажакни ваъда қилиш

Баъзи бир эркаклар хотинига “Кўпроқ пул топсам, асабларим жойига тушиб, сенга камроқ бақирадиган бўламан”, “Ҳали сенга шундай тақинчоқлар олиб берайки, бошқаларнинг ҳасади келсин” қабилида ваъдалар беришади. Аксарият аёллар бундай гапларга ишонишади. Аслида эса бундай ваъдаларнинг замирида “кўпроқ менга эътибор бер, бундан ҳам кўпроқ бер” деган маъно ётади. Бахтли келажак ҳақида гапириб жуфтлар бир-биридан фойдаланишади. Бундай муносабатлар баъзи жуфтларни қониқтириши мумкин, аммо улардан бири ўзини ноқулай ҳис қиладиган бўлса, муносабатларда ниманидир ўзгартиришга тўғри келади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!