Юқори чирчиқлик фуқаронинг фирибгарлиги уни панжара ортига етаклади

12:25, 25 май

Ҳар бир жиноят содир этган киши юртимиз қонунчилиги талабларига кўра жазо олиши муқаррар. Аммо ҳукм ўқиш чоғида бир қатор жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар ҳам инобатга олиниши қонунбузарнинг келгусида зулмат кўчаларга қайта бош суқмаслигини таъминлашда асосий омил вазифасини ўташи кўзда тутилган. Афсуски, орамизда ўзига берилган ишончни суиистеъмол қилиб, аввалги қинғир ишларига такрор қўл ураётганлар ҳам учраб турибди. Айни шундай жиноят тафсилотларидан бири “Ҳуқуқ” газетасининг 17-сонида чоп этилди.

Юқори чирчиқлик 35 ёшли Латиф Остонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) аввал ҳам икки маротаба жиноят содир қилиб, суднинг қора курсисига ўтирган ва амнистия актига кўра жазодан озод қилинган эди. Хўш, унинг такрор жиноят кўчасига кирмай, тўғри ҳаёт йўлини бошлаши учун нима тўсқинлик қилди? У яна жиноятнинг қоронғу кўчаларига кирди.

Латиф ўзининг фирибини ишга солиш учун Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг Ғазалкент шаҳрига йўл олади. Бу кимса ушбу ҳудудда турли ишлар қилиб юриб, маҳаллий аҳолининг ишончига жуда тез киради. Одамлар орасида гўёки, ўзини барча ишларни осонгина битириб берадигандек кўрсатишга эриша олган Латифнинг қармоғига бирин-кетин соддадил инсонлар келиб илинаверади.

Ўтган йилнинг июль ойида Динара Шамилова отаси Наил Шамилов билан хориждаги қариндошларининг олдига тезда бориши керак бўлади. Бунинг учун улар тегишли жойдан фуқаролик паспортларига чет мамлакатларга чиқишга рухсат берувчи виза қўйдиришлари керак эди. Буни эшитган Л.Остонов Наил ва Динара Шамиловани фирибгарлик йўли билан алдаб, Тошкент вилоят ИИБнинг хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмий-лаштириш бўлимида таниши борлигини айтади. Гўёки уяли телефонида ўша одам билан гаплашгандек бўлиб, хизмат ҳақи эвазига улардан 100 АҚШ дол-лари ҳамда 300 минг сўм пулларини олиб, жуфтакни ростлайди.

***

Латифнинг тўрига фуқаро Сожида Холиёрова ҳам осонгина илинади. Шами-ловлардан ундирган пулига дала ҳовлида маишат қилаётган Л.Остонов ўша ердаги уйлардан бирида ижарада турган С.Холиёровани ҳам арзонга уй олиб бераман, дея 2 минг 700 АҚШ долларини олди-ю, ваъдасини эсдан чиқарди. Бироқ, С.Холиёрова Латифни тинч қўймади. Ундан пулини талаб қилаверди. Мана шу жараёнда фирибгар яна бир найрангни ўйлаб топади. Уй масаласи ҳал бўлмади, деб гапни бошқа томонга буради, фирибгар. С.Холиёровага берган пулига яна 300 АҚШ доллари қўшса, ўғлини олий ўқув юртига киритиб қўйишини айтади. Яхшиямки, С.Холиёрова ушбу пулларни унинг қўлига тутқазиб юбормайди. Бу ҳолат ҳақида тегишли жойга ариза билан мурожаат қилади.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган тадбирда Л.Остоновнинг қўлларига кишан солинди. Суд фирибгарликни касб қилган бу шахсга нисбатан жазо тайинлаб, ҳукм ўқиди.

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!