Дунёдаги энг кекса киши эканлиги айтилаётган ўзбекистонлик Ҳувайдо Умарова 121 ёшга тўлди

14:34, 25 май

Ўзбекистон ва дунёнинг энг кекса аёли Ҳувайдо Умарова 121 ёшга тўлди. Бу ҳақда “Дарё” нашри хабар бермоқда.

1895 йилда дунёга келган онахон Фарғона вилоятининг Бувайда туманида истиқомат қилади. Унинг оиласи фарзандлари, набиралари, эваралари, чеваралари, жами 100 га яқин кишидан иборат.

Ёшлар Фестивали—2016 иштирокчилари яқинда Ҳувайдо аяни зиёрат қилди. Уларнинг айтишича (ораларида актёр Алишер Узоқов ҳам бўлган), онахон анча бардам бўлиб, ҳазил-ҳузул қилган, қўшиқ куйлаб берган.

Ижтимоий гуруҳлардан бири орқали Ҳувайдо Умарова ҳақида хабардор бўлган тармоқ фойдаланувчилари у кишини Гиннеснинг рекордлар китобига киритиш учун талабнома бериш ниятида. Олдинроқ астраханлик (Россия) 120 ёшли Танзиля Бисембеева дунёдаги энг кекса одам сифатида эътироф этилганди.

Бундан аввал ҳам жаҳоннинг энг кекса инсони Ўзбекистонда истиқомат қилгани (бироқ халқаро миқёсда расман тан олинмаган) билдирилганди: 1880 йили туғилгани таъкидланган Тўти Юсупова 2015 йил баҳорида, 135 ёшида вафот этган.

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!