Фарғонадаги “Универсиада – 2016” тўрт хорижий тилда бутун дунёга тарқатилади

16:16, 25 май

Фарғона шаҳрида олий ўқув юртлари талабалари ўртасида бўлиб ўтадиган “Универсиада – 2016” спорт ўйинларининг финал босқичига тайёргарлик ва тадбир жараёнларини оммавий ахборот воситаларида ёритиш масаласига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазирининг биринчи ўринбосари М.Алиев, мусобақаларни ўтказувчи штаб бошлиғи Ш.Шарипов ва бошқалар ушбу мусобақага кўрилаётган тайёргарлик ҳақида маълумот берди.

Фарғона вилоятида мазкур мусобақага катта тайёргарлик кўрилди. Жорий йилда ушбу ёшлик ва спорт байрами еттинчи бор ўтказилмоқда. Финал босқичида Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 14 терма жамоа волейбол, қўл тўпи, футбол, енгил атлетика, сузиш, шахмат, оғир атлетика, дзюдо, баскетбол, юнон-рум кураши, эркин кураш, бокс, таэквондо, теннис, стол тенниси бўйича ўзаро баҳс олиб боради.

Фарғона, Маърифат, Мураббийлар каби марказий кўчалар тубдан таъмирланиб, қарийб 5 километрлик йўл реконструкция қилинди. Беллашувлар ўтказиладиган 29 объектда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Спорт заллари жаҳон андозалари даражасида жиҳозланмоқда.

Фарғона давлат университети, Фарғона политехника институти ва бошқа спорт масканлари иштирокчилар учун шай ҳолатда. “Универсиада – 2016” финали қатнашчиларининг яшаши, овқатланиши ва мазмунли дам олиши учун барча шароит яратилган.

Универсиада мусобақаларининг тантанали очилиш ҳамда ёпилиш маросимларига тайёргарлик авжида. Унга ёшлар, юртимизнинг таниқли санъат усталари жалб этилган. Бу шодиёналар янги қурилган “Истиқлол” стадионида бўлиб ўтади. Бинобарин, иштирокчилар учун маданий-маърифий тадбирлар, таниқли шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар билан ижодий учрашувлар, тарихий обидалар, музей ва театрларга саёҳатлар ташкил этилиши режалаштирилган.

Универсиада ўйинларига тайёргарлик кўриш жараёни ва мусобақалар давомида уни ёритиб борадиган матбуот маркази ва веб-сайт гуруҳи ташкил этилган. Универсиадага тайёргарлик, унинг иштирокчилари, мусобақалар ўтадиган манзиллар ва бошқа маълумотлар билан www.universiada-2016.uz  веб-сайт орқали танишиш мумкин. 

Мусобақа кундалиги ва натижалари 4 хорижий тилда бутун дунёга тарқатиб борилади.

 


 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!