Универсиада машъаласи Фарғонага йўл олди

10:52, 26 май

Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги Ўзбекистон Фанлар академияси “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси Материалшунослик институтида “Универсиада – 2016” спорт мусобақалари машъаласини аланга олдириш маросими бўлиб ўтди. 

Ўтган йиллардаги Универсиада мусобақаларида муваффақиятли иштирок этиб, катта спортга қадам қўйган кўплаб ёшларимиз ўз ғалабалари билан мамлакатимизнинг жаҳон майдонидаги обрў-эътибори янада юксалишига ҳисса қўшаётир. 

...Майдонга тантанали мусиқа садолари остида машҳур спортчиларимиз, “Универсиада – 2016” спорт мусобақалари иштирокчилари ва уларнинг издошлари – ўқувчи-ёшлар кириб келади. 

Давлатимиз мадҳияси янграйди. 

Мамлакатимиз ёшлари юрагидаги жўшқинликни, қалбидаги шижоатни ўзида акс эттирувчи “Универсиада – 2016” машъаласини 2012 йили Лондонда ўтган Паралимпия ўйинлари совриндори дзюдочи Шариф Халилов ўт олдириб, майдонга олиб киради. У машъалани 2016 йили Жанубий Кореянинг Чонжу шаҳрида академик эшкак эшиш бўйича Осиё саралаш мусобақасида ғолиб чиқиб, XXXI Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритган истеъдодли спортчимиз Шаҳбоз Холмирзаевга тантанали равишда топширади. 

Машъала Фарғона вилояти сари йўл олади. 

“Универсиада – 2016” машъаласи олиб ўтиладиган шаҳар ва қишлоқларда тантанали маросимлар, спортчиларнинг чиқишлари ўтказилади. Таниқли шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ўқувчи-ёшлар иштирокидаги маданий-маърифий ва спорт тадбирлари талабаларнинг ёшлик, гўзаллик, бирдамлик байрамига ҳамоҳанг куй-қўшиқ ва рақсларга уланади.


 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!