83 ёшли аёл болалигида ундан юз ўгирган онасини излаб топди

12:19, 26 май

АҚШда 1933 йилда фарзандидан воз кечган аёл 80 йил ўтиб, у билан учрашди, деб ёзади “Lenta.ru”.

83 ёшли Дориенн Хамманн 99 ёшли Эйлин Вагнерга қўнғироқ қилиб, “Салом, она!” деди. 

Маълумотларга кўра, Висконсин штатида яшовчи аёл 16 ёшида зўравонлик оқибатида ҳомиладор бўлиб қолган. Вагнер қиз фарзандни дунёга келтриб, уни бефарзанд оилалардан бирига беради.

Она ва қизнинг учрашишини Хамманнинг келини ташкиллаштирди. У қайнонасининг асраб олиниши бўйича ҳужжатларни чуқур ўрганиб чиқди ва интернетдан Вагнернинг телефон рақамини топди.

Вагнер ва Хамманн телефон орқали бир неча марта суҳбат қуришди. 2016 йилнинг апрель ойида эса улар илк маротаба учрашишди.

Хамманнинг онаси унинг туғилишини қуйидагича изоҳлади: “Ўша йилларда оила қурмаган қизнинг фарзандли бўлиши мисли кўрилмаган даражадаги шармандалик эди”.

“Ҳалигача ишонолмайман. Мен 83 ёшдаман ва шу ёшимда онам ҳам ҳаёт. Мана шу фикрнинг ўзиданоқ вужудим жунбушга келади”,—дейди Хамманн.  

Вагнер ҳеч қачон эри ва фарзандларига ўтмиши ҳақида сўзламаган. Унинг турмуш ўртоғи 2006 йилда вафот этган. Дориеннинг қўнғироғидан сўнг у бошқа фарзандларига ўтмиши ҳақида гапириб берган.

“Мен энди уни ҳеч қачон кўрмасам керак, деб ўйлардим”,—дейди аёл қизи билан учрашувни изоҳлар экан. 

Эйлин қизи Дориенни 30 майда бўлиб ўтадиган 100 ёшлик юбилейига таклиф қилди. Дориен байрамга турмуш ўртоғи, ўғли, келини ва набиралари билан келади.


Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!