Тошкентда янги Chevrolet Nexia тақдимоти бўлиб ўтди(Фото)

12:30, 28 май

Тошкентдаги Driver’s Village автосалонида 27 май, жума куни янги Chevrolet Nexia автомобилининг тақдимоти бўлиб ўтди.

“Дарё” нашри тақдимот маросимидан фоторепортаж тайёрлади.

Тақдимот маросимида янги Chevrolet Nexia нафақат Ўзбекистон ва МДҲ мамлакатларида, балки Яқин Шарқ ва Африка автобозорларида ҳам сотилиши маълум қилинди. GM Uzbekistan Operations вакилининг таъкидлашича, «янги Nexia харидорлар ишончини тўла оқлай олади».

Эски N150 моделидан фарқли равишда, янги Nexia’да ABS ва ҳайдовчи хавфсизлик ёстиғи бор. Машина, шунингдек, иммобилайзер, кундузги олд чироқлар (DRL) ҳамда Isofix болалар ўриндиқлари учун мустаҳкамлагичлар билан таъминланган.

Модель GM Powertrain-Uzbekistan томонидан ишлаб чиқарилган сиғими 1,5 литрга тенг, 16 клапанли 109 от кучига эга бензинли S-TEC III двигатели ва беш босқичли механик ёки олти босқичли автомат тезлик узатмалар қутиси ёрдамида ҳаракатга келади.

Учинчи LTZ позицияда автомат (типтроник функцияли) тезлик узатмалар қутиси мавжуд бўлиб, мазкур позицияда механик тезлик узатмалар қутили машиналар ҳам тақдим этилади.

Машина 11 рангда тақдим этилади (шулардан 4 таси — янги ранглар). Тўрт кегайли рул чамбараги Lacetti’ники билан бир хил. Учинчи позицияда рул чамбарагида аудиотизимни бошқариш модули мавжуд.

Аудиотизимда Bluetooth, AUX, handsfree бор. USB порти тўхташ тормоз дастаси ёнида қулай қилиб жойлаштирилган. Ҳажми 400 литр бўлган юкхона калит ва ҳайдовчи эшигидаги тугма орқали очилади.


 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!