Рақслари шов-шувга сабаб бўлган Жамила Ғофурова ва Ойдин Юсупованинг гап-сўзларга жавоби

12:49, 28 май

Яқинда актрисалар Жамила Ғофурова ҳамда Ойдин Юсупова бир сайт лойиҳаси учун хорижлик хонандалар Шакира ва Бейонсенинг “Beautiful Liar” номли қўшиғига ишланган клипга тақлид қилган ҳолда суратга тушишгани ҳақида хабар бергандик.

Актрисалар хорижлик хонандаларнинг клипдаги ҳаракатларини қўллаган ҳолда рақс тушиб, фонограммага мос тарзда лаб қимирлатиб туришган. Ҳеч кимга сир эмас, хориж санъаткорларининг кийиниш маданияти, клипдаги ҳаракатлари ўзбек маданиятига тўғри келмайди. Шу маънода кўпчилик мухлислар ўзбек актрисаларининг бу ҳаракатини оқламаган бўлса, аксарият мухлислар “актриса-ку, тақлидчилик маҳоратини синаб кўришнинг нимаси ёмон?” дегандек фикрлар билдиришган. Биз эса актрисаларнинг ўзи билан боғланишга қарор қилдик.

— Шакира ва Бейонсенинг клипига тақлид қилиш таклифига рози бўлишингизга нима сабаб бўлди?

Жамила Ғофурова, актриса: — Ижодкор сифатида ўзимга бўлган ишончни текшириш. Бу лойиҳада бошқа санъаткорлар ҳам иштирок этишган.

— Лекин айнан Ойдин Юсупова иккингизнинг иштирокингиздаги “клип” муҳокамаларга сабаб бўлди!

Ж.Ғ.: — Тўғри. Очиғи, бундай шов-шувларга сабаб бўлади, деб ўйламагандим. Яқинда ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларни кўриб, аввалига гап нима ҳақ­да­лигини тушунолмадим. Ҳатто бу лойиҳада иштирок этганимиз ёдимдан ҳам кўтарилган экан. Мазкур лойиҳадан асосий мақсад бир келин-кўйлаклар салонидаги либосларни реклама қилиш бўлган.

— Кўйлак жуда очиқ эмасмиди?

Ж.Ғ.: — Йўқ, кўйлакда тана рангидаги мато ишлатилгани учун очиқдек туюлган бўлиши мумкин. Либос қоматга мос тикилгани боис кўзга яққол ташланган, холос. Клипда кийимсиз чиққаним йўқ-ку. Аёллар шу кўйлакни тўй-ҳашамга кийиб боришса, шов-шув бўлмайди-ку?!

— Тўйда улар бундай эҳтиросли ҳаракатлар қилмайди-да! Хориж хонандаларининг ҳаракатларини бажариш ўзингизга эриш туюлмадими?

Ж.Ғ.: — Мен актрисаман, юклатилган вазифани аъло даражада бажариб бериш бу — касбим тақозоси. Қолаверса, эҳтирос­имни кўрсата оладиган актрисаман. Мухлисларим нега ҳайратланишди ҳайронман. Ахир рақс тушган ҳолатимдаги фильмларим талай­гина-ку?! Маъсума аёл ролларини ўйнаб, бирданига бундай қиёфада чиқаётганим йўқ. Актриса сифатида тақлидчилик борасидаги қирраларимни очишнинг ёмон тарафи йўқ. Баъзи актрисалар “Томошабин ёмон кўриб қолади”, деб бундай лойиҳалардан ўзларини олиб қочишади. Мен эса аксинча, имкониятларимни синаб кўришдан чўчимайман. Қисқаси, клипда меъёр чегарасидан четга чиқмаганман.

Бир ҳолатга тушунмайман: кўпчилик томошабинлар “Ўзбек фильмлари, клип­ларини кўрмайман, энсам қотади, вақтим зое кетади”, дейди. Хорижлик клип­ларни ўз талқинимизда ишласак, ўзбек менталитети ёдига тушиб қолади. Шундай томошабинга “Аввал ўзимизнинг ижод маҳсулотларини кўринг!” дегим келади. Бундай томошабин ҳар бир ишдан камчилик топишга ўрганиб қолган.

Актриса Ойдин Юсуповадан ҳам фикр сўрамоқчи эдик, лекин у қўнғироқларимизга жавоб бермади. Лекин инстаграм тармоғига лойиҳадан қўйилган расм остида қизиган баҳсда актриса мухлисларига жавоб қайтарди.

Нима ҳам дердик, “Кимгадир ёқар лола, кимдир атиргул шайдоси”. Ҳамманинг ўз ҳақиқати бор. Биз масалага ойдинлик киритиб, актрисаларнинг фикри билан қизиқдик. Хулоса эса сиздан...

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади.


 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!



Гость 13:33, 14 июнь
Узини ута акилли ва маданиятли килиб курсатади фильмларида у яъни Ойдин,хакикий башараси мана уни!!!