Дилноза Кубаева: “Ҳамкасбларимдан Асал ва Заринанинг маҳоратига тан бераман”(Эксклюзив)

13:01, 28 май

Бу актриса доим кулиб туради, самимийлиги табассумида, сўзларида, ижро этган ролларида ҳам намоён.¬ Дилноза ¬Кубае¬ва¬ ма¬ҳоратли ижроси билан халқ меҳрини қозониб келаётган ижодкорлардан бири, десак адашмаймиз. Аслида, у интервью беришни хушламайди. Аммо ҳар гал мухлислари билан газета ёки телевидение орқали ғойибона учрашар экан, уларга айтадиган гапи бўлади...

— Бугун ҳар соҳада янгиликни, ривожланишни кузатиш мумкин. Сиз ҳам ўз соҳангиздан келиб чиқиб, ўзбек киносининг бугунги фаолияти ҳақида нималар дея оласиз?

— Назаримда, бугун ўзбек киносида сокин бир давр ҳукм сураётгандек. Аммо шунда ҳам иш тўхтаб қолгани йўқ. Хусусий киностудиялар томонидан яхши ижод маҳсулларини кузатиб турибмиз. Ёдингизда бўлса, бир неча йиллар аввал ўзбек киноси ҳамманинг эътиборини тортиб, кинотеатрлар телетомошабинлар билан лиқ тўлган эди. Бугунги кунда “Барон” фильми орқали кинотеатрлар яна гавжумлашган эди, бироқ афсуски “қароқчи”ларнинг шарофати билан бу жараён узоққа чўзилмади. Бугунги фильмлардаги мавзулар бироз майдалашиб бораётгандек. Бундан ташқари, санъатга алоқаси бўлмаган, бу соҳадан умуман йироқ инсонларнинг фаолияти ҳам кинонинг оқсаб қолишига сабаб бўляпти.   

— Сўнгги марта қайси фильмни томоша қилдингиз?

— Куни кеча “Кўз ёшим” фильмига кўзим тушди. У  ерда Асал Шодиеванинг ижросини кўриб яхши баҳоладим. Қаҳрамонининг дардини очиб беролган. Асалда ўсиш бор. Шунингдек, Айюб Шаҳобиддиновнинг “Паризод” фильмини ҳар гал жуда мароқ билан томоша қиламан. Унда актриса Зарина Низомиддинованинг маҳоратига қойил қолганман. Бизда яхши ижодкорлар кўп. Уларни иш билан таъминлаб, маҳоратини кўрсатиб бериш учун имкон берилиши лозим.

— Концерт дастурларининг бирида сизни пародия жанрида кўрдик...

— 8 март Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган ҳар йилги гала-концерт дастурининг сценарийси асосида  саҳналаштирилган чиқиш эди у. Концерт режиссёри Саъдулла Абдуллаевдан бу таклиф тушганда аввалига иккиландим. Чунки бу мен учун янгилик. Аммо устоз санъаткор, қизиқчи¬лари¬миздан бирининг менга билдирган ишончи бу ишга қўл уришимга туртки бўлди. Аммо бу тайёр ҳазил шеърни саҳнада ролга киришиб ўқиб бердим, холос. “Дизайн” гуруҳи билан ҳамкорликда саҳналаштирилган чиқиш кўпгина томошабинларга ёқди, деб эшитдим.

— Ижтимоий тармоқлардан умуман фойдаланмайсиз. Аммо инстаграм ва бошқа сайтларда сизнинг номингиз билан рўйхатдан ўтганлар кўп экан...

— Бу оғриқли нуқта. Аввалига унчалик аҳамият бермагандим. Аммо сўнгги пайтларда номимдан фойдаланадиганлар кўпайиб қолгач, эътибор берадиган бўлдим. Айниқса, менинг номимдан ҳамкасбларимнинг бирор ютуғи ёки ижодий янгилик¬ларини реклама қилиб, уларнинг таваллуд кунлари билан таб¬риклашни бошлашгани, ҳаммасидан ўтиб тушди. Ахир бировнинг номидан иш кўриш инсофданми? Менинг номимдан профил юритган инсон, эртага туҳмат қилиб номимни қоралаши ҳам ҳеч гапмас. Бундайлар номимга гард юқтириб қўйишидан хавотирдаман. Қолаверса, мен мухлисларимни бундай сохта “Дилноза”лардан қизғанаман!

— Сизнинг номингиздан профил юритаётганларни топишга ҳаракат қилиб кўрмадингизми?

— Бу масалага ойдинлик киритишни истамайман. Шунчаки, мухлисларим менинг ҳеч қайси ижтимоий тармоқдан рўйхатдан ўт¬ма¬ганимни билишса, менга шунинг ўзи ¬кифоя.

— Лекин ижтимоий тармоқлар, мухлис ва санъаткор ўртасида вертуал кўприк вазифасини ҳам ўтайди. Балки ўзингиз бу тармоқлардан фойдалансангиз сохталар камаярмиди? Бу ҳақида ўйлаб кўрмадингизми?

— Одам сирли бўлиши керак. Агар исталган киши, исталган пайтда сиз билан гаплашаверса, одамнинг қадри йўқолади, деб ўйлайман. Ҳақиқий мухлис ижодкорнинг ижодини кўриш учун кинопремьераларга, спектакль томошаларига бориши керак. Ўйлайманки, самимий учрашув ва суҳбатлар ўрнини интернетдаги ёзишмалар боса олмайди. Бундан ташқари, мен интернет оламидан жуда узоқман. Бугун кўпчи¬ликнинг қиммат¬баҳо вақти телефонга термулиб ўтиб кетяпти. Дастурхон бошида ҳам, дўстлар даврасида ҳам шу — телефон! Бу манзара жуда хунук кўринади. Кун келиб буларнинг барчаси барҳам топишига ишонаман.

— Сўнгги вақтларда, “Дилноза Кубаева энг қиммат актриса ва бошловчи” деган таърифни кўп эшитяпмиз...

— Энг қиммат сўзини фақат моддий томонга боғлаб ишлатиш нотўғри. Мен ҳар бир таклифни синчиклаб ўрганиб, кейин қабул қила¬ман. Ҳатто тўй хизматларига ҳам танлаб-танлаб борадиган одатим бор. Яъни, мени чин дилдан ҳурмат қилиб, қадр¬лайдиган давраларга бораман. “Қиммат” таърифи айнан шу жиҳатимга қараб берилган, деб биламан.

— Интервьюларингизнинг бирида “Келгинди келин”  фильмидаги ролингиздан уялишингизни айтгандингиз...

— Ҳа, тўғ¬ри. Фильм¬нинг баъзи саҳналарида бироз очиқ- сочиқ кийин¬ганимни назарда тутганман. Лекин айнан шу ролим мени машҳур қилганини тан оламан.

— Ижодий фаолиятингиз давомида илк бор тарихий образга қўл урдингиз. Сизни Алишер Навоий спектаклида Гули ролида кўрдик...

— Бу мумтоз асар саҳналаш¬тирил¬ганидан бутун ижодий жамоамиз хурсандмиз. Чунки бундай мукаммал асарларни саҳнага олиб чиқиш ҳар бир ижодкор учун фахр. Барча ҳамкасбларим номидан режиссёр Рустам Ҳамидовга миннатдорчилик билдираман. Бу спектаклда Гули ролини ижро этганим эса менинг бахтим деб биламан. Яъни, кўп йиллик орзуимга эришдим! Гулининг ибо-ҳаёси, гап-сўзлари, латофатли юриш-туришини ўхшатиш катта масъулият юклади. Чунки у замонавий қаҳрамон эмас. Ўша замондаги ҳолатни кўрсатиб беришга қўлимдан келганча ҳаракат қилдим.

— Фаолиятингизни энди бошлаган пайтларингизда сиз ва яна бир неча актрисаларга ўзбек киносининг юзи, дея таъриф бериларди. Аммо бугунги  ёшларнинг фаолиятини кузата туриб, бундай изоҳга арзийдиганлар камайиб кетганини сезиш қийин эмас.

— Актёр-актрисалар доим роль кутиб яшайди. Истеъдодлар кам дейсизми? Уларни юзага чиқариш учун яхши сценарийлар керак! Маҳоратли режиссёр, сценарий муаллифлари билан ҳамкорликда иқтидорлиларни юзага чиқариш керак. Аммо мен бу давр ўткинчилигига ишонаман. Вақти келиб, албатта янги чеҳралар ва янгидан-янги иқтидорлар юзага чиқади. 

— Энди шахсий ҳаётингиз билан боғлиқ мавзуларга ҳам тўхталсак. Ҳаётда қайнсингил ва қайнопа ролларини қандай бажаряпсиз?

— Акам ва укамнинг турмуш ўртоқлари билан худди опа-сингил, дугоналардекмиз. Уларнинг иккисидан ҳам ёшим катта бўлса-да, доим бир-биримиз билан маслаҳатлашиб иш кўрамиз. Болалигимиздан онам бизга, “Ҳар қандай вазиятда ҳам бир-бирингга ҳурмат билан муносабатда бўлинглар”, деб ўргатганлар. 

— Ўғлингиз ва унинг қизиқишлари ҳақида ҳам гапириб берсангиз.

— Ўғлим Муҳаммадамин 7 ёшда. Ҳозирда мусиқа мактабининг 1-синфини аъло баҳолар билан якунлаяпти. Очиқкўнгил, сахий, меҳмондўст, ҳазилкаш бола бўлган.

— Мусиқа мактабида ўқиётган бўлса, демак, санъаткор бўлишни истаркан-да?

— Қандай касбни эгаллашидан қатъи назар пойдевори мусиқа билан мустаҳкам бўлишини истайман. Бундан ташқари, мусиқани билган, тушунган инсондан ёмонлик чиқмайди. Қайси соҳани танламасин, танловига ҳурмат билан ёндашаман.

Алия СУЛАЙМАНОВА суҳбатлашди


 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!