“Универсиада – 2016” ғолиблари аниқланди

10:09, 30 май

Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” стадионида 28 май куни “Универсиада – 2016” республика спорт ўйинларининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди.  

Мусобақада энг кўп медаль жамғариб, биринчи ўринни эгаллаган Тошкент шаҳри жамоаси юксак мукофот – Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Универсиада – 2016” спорт ўйинлари иштирокчиларига табригининг асл нусхаси ва Президент совғаси – “Дамас” автомобили билан тақдирланди. 

Умумжамоа ҳисобида иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган Фарғона ва Самарқанд вилоятлари жамоаларига Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси – “Дамас” автомобиллари топширилди. 

Муросасиз курашларда алоҳида маҳорат кўрсатган, тенгқурлари орасида юқори натижаларга эришган бир гуруҳ талаба-спортчилар махсус совринларга сазовор бўлди. 

Универсиада мусобақалари 15 спорт тури – баскетбол, бокс, волейбол, гандбол, дзюдо, енгил атлетика, оғир атлетика, стол тенниси, сузиш, таэквондо (WTF), теннис, футбол, шахмат, эркин ва юнон-рум кураши бўйича ташкил этилди.

Еттинчи бор ўтказилган Универсиада том маънода спорт, ёшлик ва гўзаллик байрамига айланди.

...Стадион узра мусиқа садолари янгради. “Универсиада – 2016” спорт ўйинларининг байроғи туширилди. Уни фарғоналик ёшлар навбатдаги Универсиадага мезбонлик қиладиган Самарқанд вилояти спортчиларига топширди. 

“Универсиада – 2016” спорт мусобақаларининг тантанали ёпилиш маросими спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари ва санъаткорларнинг катта концерти билан якунланди.


 

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!