Антисанитария аҳволда ўз уйида лаваш хамирини тайёрлаб сотган "тадбиркор" жазоланди

11:41, 30 май

27 ёшли Анвар Абдувалиев пул орттиришнинг ноқонуний йўлини танлаб, нафақат давлатга иқтисодий зарар етказган, балки минглаб истеъмолчиларнинг соғлиқларини ҳам хавф остида қолдирган, деб ёзади “Uz24.uz” “Iste’molchi” газетасига асосланиб.

Гап шундаки, у ўз уйида яширин цех ташкил қилиб,  “Лаваш” егулиги учун хамир тайёрлашни йўлга қўяди. Олдиндан жиноий тил бириктирган шериклари билан цехда тайёрланган қўлбола хамирларни Тошкент шаҳар ва вилоятидаги ўнлаб умумовқатланиш шохобчаларига тарқатади. “Тадбиркор” у ишларни ҳеч қандай ҳужжатларсиз амалга оширади, яъни истеъмолчиларнинг соғлиғи учун хавфсизлик кафолати бўлмаган маҳсулотларни нақд пулга ўтказиб, қўлга киритилган тушумни ўзлаштириб юборади.

Бир неча ой олиб борган “қизғин фаолияти” туфайли Анвар миллионлаб сўм даромадини солиқдан яширишга эришади. Бироқ унинг ноқонуний фаолияти аниқланиб, қилмиши фош бўлди. Абдувалиев 9,5 миллион сўм пулни санаб олаётганда қўлга олинди.

СВОЖЖДЛҚК департаменти ходимлари цехдаги ишлаб чиқариш шароити билан танишганда, жой антисанитария аҳволда экани маълум бўлди.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 186-моддасининг 1-қисми, 188-модда 2-қисми “в” банди билан айбланган А.Абдувалиевнинг қилмишларини Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Бектемир туман суди кўриб чиқиб, айбдорга тегишли жазо тайинлади.


 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!