Озода Саидзода: Мен ҳақимдаги асоссиз гап-сўзлар телевидение ва радиога ҳам етиб борди

11:55, 30 май

Хонанда Озода Саидзода ижтимоий тармоқларга лицензия гувоҳномаси суратини жойлаб, “Асоссиз гапларни тарқатаверманглар”, қабилида хабар қолдирди. “Дарё” нашри қандай асоссиз гаплар ҳақида сўз бораётганини билиш мақсадида хонанда билан боғланди.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларингизга «Асосиз гап тарқатаверманглар» деб ёзиб, амал қилиш муддати 2017 йил март ойигача бўлган лицензиянгиз суратини жойлаштирибсиз. Бунга нима сабаб бўлди?

— Сўнгги вақтларда «Озоданинг лицензияси йўқ», деган асоссиз, уйдирма гапларни қасддан тарқатишмоқда. Бу гап-сўзлар катта-катта ташкилотларга, хусусан, телевидение, радиога етиб боргани, боз устига, мухлислар ҳам мендан бу масалада жавоб кутаётгани учун лицензиям суратини ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимга жойладим.

— Лицензия гувоҳномангизда Ўзбекистонда ва ундан ташқарида концерт беришингиз мумкинлиги қайд этилган. Яқин вақт ичида, масалан, «Истиқлол» санъат саройида концерт беришингиз мумкинми?

— Бунга ҳаракатимиз бор. «Истиқлол» да концерт беришимиз учун кун топиб беришса, албатта концерт берамиз. Ҳозир хонандаларнинг кўплигидан, ушбу саройнинг бўш куни йўқ.

— Аввалги интервьюларингизнинг бирида «Эътироф эт» номли альбомни тугаллаш арафасидамиз, деган эдингиз.

— Аслида альбом ёзиб тугатилган, фақат техник ишлари охиригача якунланмаганлиги сабаб мухлислар эътиборига ҳавола қилмай турган эдик. Бироқ альбомнинг қоралама варианти тарқаб кетди. Тез кунларда альбомнинг асл нусхасини мухлисларимизга тақдим этамиз.


 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!