Али Отажонов: “Барча актрисаларга эр бўлишдан чарчадим”

14:35, 30 май

Хонанда Али Отажонов Instagram’даги саҳифасида: «Кинода рол ўйнашни тўхтатдим. Бу хобби эди ва мен бундан воз кечдим», — қабилида хабар ёзиб қолдирди. Шу вақтгача бир қатор фильмларда бош ролларни ижро этган Али Отажоновнинг ушбу қарори сабабларини билиш мақсадида “Дарё” нашри актёрни суҳбатга тортди.

— Кинода рол ўйнашни тўхтатиш қарорига нима сабаб бўлди?

— Кинодан кетиб, кинонинг ривожланишига ҳисса қўшмоқчиман. Ҳамма ўз ишини қилгани яхши. Кино фақат пул топиш, манфаат учун ҳаракат қилинадиган иш эмас-да. Ўзбек киносида юрган вақтимда анча нарсани ўргандим, кўрдим, билдим. Бугунги кунда хусусий киностудиялар томонидан ишланаётган фильмлар менга умуман ёқмаяпти, бу фильмлардан қониқиш ҳосил қилмаяпман. Балки томошабинлар хусусий киностудиялар томонидан ишланаётган енгил-елпи фильмларга ўрганиб қолгандир, бироқ мен юки, салмоғи бор, кейинчалик ҳам мухлислар томоша қилиб, ўзига сабоқ оладиган фильмларда рол ижро этишни жуда хоҳлардим.

— «Ўзбеккино» миллий агентлиги буюртмасига асосан суратга олинаётган фильмларда қатнашишга ўзингиз ҳаракат қилиб кўрмадингизми?

— Йўқ, сабаби улар билан ишлаб кўрмаганман. Бошида ҳам айтганимдек, ҳамма ўзини ишини қилгани маъқул экан.

— «Кинодан кетдим» деган гап-сўзлар мухлисларнинг эътиборини тортиш учун ўйлаб топилган пиар эмасми?

— Мен қора пиар қиладиган инсон эмасман, шу вақтгача бундай қилмаганман ҳам. Қачонлардир кўнглимга ёқадиган рол бўлса, ижро этарман балки. Аммо, очиғини айцам, ҳозир кинода барча актрисаларнинг эри бўлишдан чарчадим.

— Санъатда жуда катта ўрни бор машҳур сулола вакилисиз. Балки оила аъзоларингиз Сизни актёр сифатида кўришни хоҳламай, кинодаги фаолиятингизни тўхтатишни сўрагани учун бу қарорга келгандирсиз?

— Оила аъзоларим Отажоновлар сулоласидан актёр чиққанидан хурсанд эди, жумладан, бобом ҳам. Тўғриси ўзим зерикдим — сценарийни ўқиган вақтим «бу зўр фильм бўлса керак», деган фикр пайдо бўлади, бироқ тасвирга олиш жараёнида тасаввур қилган нарсаларимнинг 50—60 фоизи қолиб кетмоқда. Бунинг ҳам сабаби бор — фильмга жалб этилган мендан бошқалар 100 фоиз куч билан ҳаракат қилмаяпти. Кимнидир фақат пул қизиқтиради, кимдир ишини чала қилади, яна биров эса бошқа бир хаёлда. Томошабин 20—30 йилдан кейин ҳам кўрадиган, тарихда қоладиган киноасар суратга оламан, дея ҳаракатга киришилса, мақсадга мувофиқ бўларди. 60—70 миллион сўм пул топаман деб олинаётган фильмлардан, очиғи, безиб кетдим.

3—4 йил аввал одамлар фильмларнинг савиясизлиги ҳақида гапирса, менга эриш туюлар эди. Аммо бугун шу нарсани ўзим англаб етдим. Тўғри, яхши фильмлар ҳам бор, масалан, «Барон», «Сотқин» фильмлари ростдан ҳам менга ёқди. Мен шундай фильмларда рол ўйнашни хоҳлардим. Ҳозирча эса кинодан — савиясиз фильмлардан зерикдим.


 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!