ОАВ: “Ислом давлати” террористик гуруҳининг Англия-Россия ўйинида теракт уюштиришни режалаштиргани маълум бўлди

15:42, 30 май

“Ислом давлати” террористик гуруҳи Марсель шаҳрида Англия-Россия ўртасида ўтказиладиган “Евро-2016” матчида уларнинг мухлисларига ҳужум уюштиришни режалаштиргани маълум бўлди, дея хабар қилди “Lenta.ru” нашри.

Маълум бўлишича, террорчи-ҳудкуш ўзини портлатиб юборишдан ташқари, ўқ отиш қуролидан, дрон ва кимёвий моддадан фойдаланишни режалаштирган.

Бу теракт режаси Париж ва Брюсселда содир этилган теракт бўйича айбланган Салоҳ Абдусаломнинг компьютеридан топилган. У жорий йилнинг март ойида Бельгия пойтахтида полиция рейди вақтида қўлга олинган.  

Исми-шарифи сир тутилган Британия махсус хизмати вакилининг сўзларига кўра, теракт Марселнинг қўриқланмайдиган минтақасида содир этиш кўзда тутилган.

“Мухлислар дам оладиган бар ва ресторанлар террорчилар учун жуда қулай нишон бўлади. Ҳозир бу масалани ҳал қилиш учун французлар билан музокаралар олиб борилмоқда”, - дея хабар беради манба. 

Россия ва Англия ўртасида ўтказилиши режалаштирилган ўйин Марселнинг “Велодром” стадионида 11 июнь куни бўлиб ўтади.


 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!