Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов вафот этди

22:59, 30 май

Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов 30 май куни вафот этди.

Хабарларга кўра, Эркин Воҳидов Тошкент шаҳридаги 1-сонли касалхонада вафот этган, дея хабар беради Uz24 нашри.

Ёзувчи 1936 йилнинг 28 декабрь куни Фарғона вилояти Олтиариқ туманида таваллуд топган.

Шоирнинг «Орзу чашмаси», «Нидо» (1964), «Қуёш маскани» (1970), «Бахмал» (1974), «Руҳлар исёни» (1978— 79), «Тошкент садоси» (1983) каби асарлари ўзбек достончилигининг етук намуналаридандир.

У И. Гётенинг «Фауст» асарини, С. Есениннинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилиб, алоҳида китоб ҳолида нашр эттирган. Бундан ташқари Ф. Шиллер, Иқбол, Улфат, Р. Ҳамзатов, Л. Украинка, А. Блок ва бошқа турли халқлар шоирлари асарларини ҳам ўзбек тилига таржима қилган.

Эркин Воҳидов асарлари чет эл (немис, француз, рус, инглиз, урду, ҳинд, араб ва б.) ҳамда қардош туркий халқлар тилларида («Олтин девор», «Сайланма», «Нидо» ва б.) нашр этилган.

Эркин Воҳидов Ўзбекистон Олий Кенгаши депутати (Ошкоралик масалалари қўмитаси раиси; 1990—95); 1995 йилдан Ўзбекистан Олий Мажлиси депутати ва Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси бўлган.

1997 йилда «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган.

Darakchi.uz таҳририяти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!