Руслан Чагаев ва Лукас Браун жанги расман ўтказилмаган деб топилди

14:57, 31 май

Бутунжаҳон бокс ассоциацияси, яъни WBA ташкилоти президенти Жилберто Хесус Мендоса ҳамюртимиз Руслан Чагаев ҳамда австралиялик Лукас Браун ўртасида ўтказилган жанг юзасидан расмий баёнот берди. Бу ҳақда “Оlamsport” нашри хабар бермоқда

Ташкилот раҳбари WBA (Regular) йўналиши чемпионлик камари учун кечган жанг натижаси бекор қилинганини маълум қилди. Аниқроғи, 5 март куни Грозний шаҳрида ташкил этилган чемпионлик жанги расман ўтказилмаган деб топилди.

Руслан Чагаев фаолиятидаги мағлубиятлар устунидаги 3 сони расман 2га алмаштирилди ва чемпионлик камари ҳамюртимизга қайтарилди.  

Эслатиб ўтамиз, Грознийдаги жангда Руслан Чагаев 10-раундда техник нокаутга учраб, мағлубиятга учраган эди. Лекин жангдан сўнг олинган ҳар икки допинг текшируви Лукас Брауннинг қон таркибида тақиқланган кленбутерол моддаси борлигини тасдиқлади. Шу тариқа, австралиялик боксчи расман WBA (Regular) чемпионлик камаридан маҳрум этилди.

Энди Руслан Чагаев ушбу чемпионлик камарини Фрес Окендодан ҳимоя қилиши керак. Томонлар ушбу жанг юзасидан 120 кун ичида келишиб олишлари шарт.

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!