Ажалдан огоҳ этган туш

15:40, 31 май

Бу воқеани менга туманимиздаги таниқли уламолардан бири, дин илмида олимлик даражасига эришган марҳум Равшан домла Жалилов айтиб берганди. 

— Мен Хизр алайҳиссаломни тушимда кўрганман, у киши мени муқаррар ўлимдан огоҳ этган, 1976-78 йилларда ҳарбий хизматни шимолда, ўрмонлар ичкарисида жойлашган ҳарбий қисмда ўтаганман. Аввалига барча аскарлар қатори хизмат қилдим. Ҳарбий қисмда савдо-сотиқ биноси бўлиб, у ерда сотувчилик қилган аскарнинг муддати тугаб, уйига қайтди. Ўрнига рус тилини пухта биладиган, ҳисоб-китобдан хабари бор, бирорта ўқув юртида таҳсил олган аскарни излаб қолишди. Зобитлардан бирига Бухоро вилоятидаги Савдо техникумида ҳисобчилик бўйича иккинчи курсда ўқиётганимда хизматга чақирилганимни айтдим. “Оилангдагилар шу ҳақда ҳужжат юборишсин”, дейишди. Уйдагилар маълумот жўнатишгач, ҳарбий хизмат тугагунга қадар сотувчи бўлиб хизмат қилдим. 

Хуллас, ўшанда бир куни туш кўрдим. Тушимда чўл ўртасида кетаяпман, шу пайт олдимдан мушук ўтди, уни  тепиб юбордим.

— Мушукни бекор тепдингиз, ўғлим, сизга нима ёмонлик қилди? — деган овоз келди. Ўнг томонга қарасам, савлатли, соч-чоқоли оқ, эгнида узун оқ кўйлак, чиройли мўйсафид турибди. 

— Ассалому алайкум, — дедим. Бобо алик олди. 

— Бундан кейин жониворларга шикаст етказманг.

— Хўп бўлади, бобо. 

— Мен сизни нохуш хавфдан огоҳ этишга келдим,- деди бурро ва ёқимли овозда оқсоқол. 

— Қандай хавф?

— Қирқ кундан кейин хизмат жойингизда катта хавф бўлади, сиз яқин борманг, дарҳол яширининг, ўшанда сизга зарар етмайди... 

Умримда бундай туш кўрмаган эдим. Саҳар пайти барча аскарлар каби уйғониб, нонушта қилгач, календарга қарадим. Қирқ кундан кейин  7 ноябрь бўларкан. Бу кун собиқ тузум  даврида байрам қилинар эди. Бир-икки кун ўтгач, бу тушни унутдим. Савдо иши ва ташвишлар билан бўлиб, байрам  куни эрталаб дўконга келдим. Шу куни дам олиш эди, байрам куни аскар ва зобитлар ҳар кунги машғулотлардан, хизматдан озод. Навбатчи зобитлардан тўрт-бештаси аскарлар тартибини сақлаш учун қолишган. Менга эса пешингача ишлаш буюрилди. Тез-тез ҳарбий қисм ҳудудига кўз ташлб қўяман. Тушликни шу ерда қилиб, бугунги савдодан тушган пулларни санаб, қанча даромад ва қанча маҳсулот сотилганини ҳисобладим. 

Дўкон эшигини қулфлаб, ҳарбий қисм майдонига яқин борсам, ўттиз-қирқ қадам нарида эллик-олтмиштача аскар ўзаро жиққамушт бўлиб ётишибди. Кимдир ерда ётибди, устига бошқа аскар чиқиб зарба берар, бошқаси келиб уни оёғи билан тепар, баъзи аскарлар қўлига швабра олиб, зарба берарди. Қарасам ҳамюртларимиз билан маҳаллий аскарлар жанжаллашяпти. 

Тўрт ойдан буён ҳарбий қисмдаги савдо дўконида сотувчи бўлганим боис айрим муштумзўрлар бизнинг аскарларни камситиб, жароҳат етказганини кўргандим. Сабр косаси тўлган бизникилар зўравонларни майдонга чақирган. Уч-тўрт зобит югуриб келиб, “бас қилинглар, бу буйруқ” деб аскарлар орасига кириб ажрата бошлади. Биттаси бехосдан зарба еб, бурни қонади. 

— Капитан, тез штабга қўнғироқ қилинг, буларни тинчитолмаймиз, - деб буйруқ берди яна бири. Ўйланиб қолдим, нима қилсам экан, шаъним, ғурурим кучлилик қилиб, бу ур-тўполонга қўшилсам, аниқ бир балога дучор бўламан. Ота-онам кўз олдимга келди, менга бир фалокат бўлса, улар фарзанд доғида куяди. Тез-тез юриб, ракета шахтаси томон кетдим. Шахта 30-40 метр ер остида бўлиб, пастга темир нарвонда тушиларди. Шахтага тушиб, бирор соат ўтирдим. Чиқиб, майдонга борсам, бирорта аскар йўқ. Ҳарбий прокуратурадан келган гуруҳ, унвони катта зобитлар турибди. Таниш зобит олдига чақирди. Бориб ҳарбийча салом бердим. 

— Жанжал пайтида қаерда эдинг, сержант Жалилов?

— Тўполонни узоқдан кўриб, яшириндим, ўртоқ капитан...

— Рост гапирганинг учун раҳмат. Ўрнингда бўлганимда мен ҳам шундай қилардим. Тўрт аскар госпиталгача етмай, йўлда оғир жароҳатдан кўз юмди, ўн бир киши оғир аҳволда ётибди. Майдондаги барча аскарларни ҳибсга олишди. 

Тергов икки ой давом этди. 14 киши 1-2 йилгача қамоқ жазоси олди, орасида ўзбек аскарлари ҳам бор. Хизмат тугаб, шаҳримиздан бирга жўнаган юртдошларим билан эсон-омон уйга қайтдик.

Ундан кейин кўп ният қилдим, Хизр бобо тушимга кирсинлар, деб, лекин бошқа кўрмадим...  

Тошпўлат Ашуров, 
Бухоро вилояти, Когон шаҳри


 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!