Тошкентда қувватлаш ускуналари ўрнатилган бекатлар сони кўпаяди

14:03, 01 июнь

Тошкентда мобиль қурилмалари учун қувватлаш ускуналари билан таъминланган тўртта бекатни қуриш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда “Газета.uz” хабар бермоқда

Ташқи реклама бозорида жаҳонда етакчиларидан бирининг филиали ҳисобланган JCDecaux UZ компанияси июнда Олой бозори ҳудудида тўртта шундай бекат ўрнатишни мўлжаллаган.

Ўзбекистон пойтахтида қувватлаш ускунасига эга илк бекат апрель ойида метронинг «Ойбек» станцияси яқинида пайдо бўлган эди. Янги бекатлар нафақат қувватлаш ускуналари, балки USB-портлар билан ҳам таъминланади.

«Биз жамоат транспорти йўловчилари учун шароитларни бир оз яхшилаганимиздан мамнунмиз», — деди JCDecaux UZ тижорий директори Санжар Йўлдошев «Газета.уз»га.

Компания вакилининг хабарига кўра, янгиликка ҳамма ҳам лойиқ муносабат билдиргани йўқ. Бир сафар «Ойбек» метроси яқинидаги бекатга ўрнатилган қувватлаш ускунаси таг-туги билан юлиб кетилган эди, уни алмаштиришга тўғри келди.

Шаҳар бекатларида ойнали панелларни бузиш ва реклама тасвирларига шикаст етказиш каби ҳолатлар камдан-кам бўлса ҳам учраб туради, дея қайд этди JCDecaux UZ вакили.

Бугунги кунда Тошкентда JCDecaux UZ шаҳар ҳокимияти билан шартнома асосида ўрнатган 193 бекат йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда. Улар учун жиҳозларнинг барчаси Францияда ишлаб чиқарилган бўлиб, бекатлар ўрнида йиғилади холос. Тез орада бу каби бекатлар шаҳарда 200 донани ташкил этади.

Пойтахтда жамоат транспорти бекатларининг умумий сони 1250 тадан ортади

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!