Рамазон ойида 650 нафар ўзбекистонлик Умра ибодатини амалга оширади

15:55, 01 июнь

Муборак Рамазон ойида юртдошларимиздан 650 нафари Умра ибодатини амалга оширадилар. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати хабар беради. Куни кеча Тошкентнинг “Шайх Зайниддинхон” масжидида Рамазон Умрасига борувчи зиёратчилар гуруҳ раҳбарлари учун амалий ўқувлар ташкил этилди.

Ўқувлар давомида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари томонидан зиёратчиларимизга хизмат қилиш, уларнинг ибодат қилиш давомида соғлиқларини эҳтиёт қилишлари юзасидан батафсил тушунчалар берилди.

Анъанага кўра, зиёратчи юртдошлармиз Мадина ва Макка шаҳарларидаги қулай ва шинам меҳмонхоналарга жойлашадилар. Бу йил ҳам Мадинадаги меҳмонхона масжиддан 100-150 метр, Маккада эса 1000-1500 метр узоқликда жойлашган бўлиб, зиёратчиларимиз учун барча шароитлар яратилиб ҳозирлаб қўйилган. Умрачиларимизга ишчи гуруҳи, шифокор, ошпазлар ва гуруҳ раҳбарлари жами 24 нафари кечаю-кундуз хизмат кўрсатадилар.

Рўзадор зиёратчиларимизга икки маҳал саҳарлик ва ифторликлари учун иссиқ овқат, чой ва бошқа ичимликлар тақдим этилади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!