Аёллар нимадан хафа бўлади: 5 та сабаб

19:14, 01 июнь

Стрессли вазиятларга эркаклар ҳаракатлари билан жавоб берсалар, аёллар эса ҳис-туйғулари орқали муносабатларини ифодалайди. Хафагарчилик ўзида бир қанча негатив ҳиссиётларни ифодалагани боис, уни изоҳлаб бериш инсонга қийинчилик туғдиради. “Lady.mail.ru” нашри сизга муносабатларга путур етказмай, аразлаш йўлларини ўргатади.

Биринчи сабаб: шундай бўлиши керак деган фикр

Баъзида сийқаси чиққан, бахтли муносабатлар ниқоби остига яширинган қонун-қоидаларга инсон ўзи билмаган ҳолда бўйсунади. Масалан, эрнинг ишдан кеч келиши, совғанинг ёқмаганлиги, турмуш ўртоғининг илк учрашган кунларини унутганлиги аёлларнинг кўз ёшларига ва хафа бўлишига сабаб бўлиши мумкин. Бундай майда-чуйдаларни дугонасининг эри жуда яхши эслаб қолади. Ижтимоий тармоқда турмуш ўртоғи томондан совға қилинган гулдастани кўтариб тушган дугонасининг сурати ҳам аёлларнинг кайфиятини бузиши мумкин.

Эҳтиёт бўлинг! Идеал муносабатларга интилиш ҳис-туйғуларингизни ва хоҳишларингизни “умумий қонун-қоидаларга” алмаштириб, бировларнинг сценарийси асосида яшашга мажбур қилиши мумкин.

Нима қилиш керак? Хотирангизни янгиланг, ундан бўлар-бўлмас воқеаларни ўчириб ташланг. Турмуш ўртоғингиз гул совға қилмаса-да, гулдаста кўтариб, суратга тушинг ва ижтимоий тармоққа жойлаб,  “ҳеч қандай сабабсиз эрим гулдаста совға қилди, ундан фахрланаман”, деб изоҳ қолдиринг. Дугоналарингизга ҳам шундай турмуш ўртоқ насиб қилишини тиланг.

Иккинчи сабаб: зерикиш

Уй, иш — иш, уй. Дугонангиз билан телефон орқали қилинган суҳбатдан кейин унинг ҳаётидаги қизиқарли воқеаларни эшитиб, ўзингизни қурбон деб ҳис қила бошлайсиз. Хўрланган одам бор жойда, зулмкор ҳам топилади! Қарабсизки, кечқурунги дилсиёҳлик учун мавзу тайёр! Ишдан қайтгач, турмуш ўртоғингизга гапиргингиз келмай, қовоқ-тумшуқ қиласиз, ичимдагини топ деб хўмрайиб оласиз.

Эҳтиёт бўлинг! Негативдан илҳомланишдек ёмон одатни касб қиласиз. 

Нима қилиш керак? Сизга “зулм ўтказган” турмуш ўртоғингиз остона ҳатлагунига қадар эрталабки яхши кайфиятингизга қайтиб, барча гапларни унутишга ҳаракат қилинг. Оддийгина сўзлар орқали инсон кўнглига жароҳат етиши мумкинлигини яна бир бора хотирланг.

Учинчи сабаб: мени фақат хафа бўлганимдагина тушунишади деган фикр

“Хоҳлаганларингни қилинглар, энди мен аралашмайман!” деганча муаммодан эшик орқасига беркиниб, хафа бўлиш энг қулай усулдир. Аёл хафа бўлганидан хонада сочилиб ётган болалар ўйинчоқлари, кийимлари ўз-ўзидан йиғилиб қолмайди. Хафа бўлиш севган инсонларингни бошқаришнинг энг ўнғай усулидир. Аммо сизнинг хафа бўлиб, бирпасдан кейин буни унутишингизга яқинларингиз ўрганиб қолиши мумкин. Улар сизга бўйсунишга ҳаракат қилсалар-да, аммо қалбларида сиз етказган руҳий жароҳат излари қолади.

Эҳтиёт бўлинг! Хафа бўлиш орқали одамларни ўзингизга бўйсундириш, обрўйингизни тушириб юборади. 

Нима қилиш керак? Бу усул орқали ишончни суиистеъмол қилманг, бошқаришнинг бошқа йўлларини ўйлаб топинг. Масалан, ҳолатни тўғри тушунтиришга, сўзларингизни асослашга ҳаракат қилинг.

Тўртинчи сабаб: чунки ҳар бир одамнинг ўз режаси бор

Мабодо бирор режангиз амалга ошмай қолса, хафа бўласиз, аммо унинг кимнингдир айби билан амалга ошмай қолгани сизни баттар тушкунликка туширади. Масалан, “шанба куни ишга боришим керак эди, аммо ойим болаларимга қарашни истамади” ва ҳоказо...  Шундан кейин ойингиз дугонангиз билан телефон орқали бўладиган суҳбатнинг салбий қаҳрамонига айланади. 

Эҳтиёт бўлинг! Бошқаларнинг режаси сизнинг режангиз билан мос тушмаса, дарров улардан воз кечишга ҳаракат қилманг, бўлмаса ҳаётингиз танҳоликда кечишига сабабчи бўласиз.  

Нима қилиш керак? Ранжишдан лаззатланишни бас қилинг, вазиятни юмшатишга, бошқаларни тушунишга ҳаракат қилинг. Бу сизни стрессларни енгишингизга ёрдам беради. Агар хафагарчилигингиз ўтиб кетмаган бўлса, ўзингизни босиб, чин дилдан суҳбат қуришга интилинг. Дилсиёҳлик сабабига ойдинлик киритиш муносабатни бузмайди, балки унинг мустаҳкамланишига хизмат қилади.  

Бешинчи сабаб: асаб чарчаши

Аёлларнинг эмоционал кайфияти жуда тез ўзгариб туради. Бунга ҳомиладорлик, бола эмизиш, оиладаги ва ишдаги муаммолар ҳам сабаб бўлиши мумкин. Аёл оддий гапларни ҳам оғриқли қабул қилади. Масалан, нўхат гулли кўйлагимни мақтаган танишимга у ростдан ҳам ёқдимикан ё урфдан қолгани учун устимдан кулдими? Аёл танишидан ранжиб, ўзини ҳимоя қилиш мақсадида қаттиқ гапириб юбориши мумкин.

Эҳтиёт бўлинг! Ҳамма нарсани юракка яқин олиш атрофингиздаги инсонларнинг сиздан узоқлашишига сабаб бўлади. Кейинчалик дўстларингизнинг қўнғироқ қилмаслигидан, сиз билан учрашишни истамаганлигидан ранжишингиз мумкин.

Нима қилиш керак? Ўзингизни ҳазил орқали ҳимоя қилишга ҳаракат қилинг. Қаршингизда ёмон одам эмас, балки жуда сезгир ва ҳушёр одам турганлигини тасаввур қилинг. Дилозор бўлмаса, хафагарчилик ҳам бўлмайди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!