Америкалик пенсионер адашиб, мактабдан бировнинг боласини олиб кетди

12:21, 02 июнь

АҚШнинг Жанубий Каролина штатида яшовчи пенсионер адашиб, неварасининг ўрнига мактабдан бегона болани олиб кетган, деб хабар берди “Lenta.ru” нашри. 

Эркак ва унинг рафиқаси уйга етиб боргандан кейингина бола ўзларининг невараси эмаслигини билишган, деб маълумот берган KPLC 7 телеканали.

Шаҳар полиция бўлими ходимларининг маълум қилишича, 65 ёшли Жозеф Фуллер (Joseph Fuller) рафиқаси билан неварасини олиб кетиш учун автомашинада мактабга келган. Эркак машинадан тушиб, ўқувчилардан бирини қучоқлаб, бағрига босган ва уни олиб кетишга келганлигини билдирган.

Машинага минган бола ўқитувчисига эркак ҳақиқатан ҳам унинг буваси эканлигини тасдиқлаган. Фуллер мактабдан болани олиб кетиш ҳуқуқига эга бўлган одамлар рўйхатига киритилгани боис ўқитувчи унинг болани олиб кетишига қаршилик қилмаган. Унинг рафиқаси ҳам орқага ўгирилиб, болага қарамай, овқатланиш учун тушлигини узатган ва уйга қайтишган. Улар уйга етиб келгандан кейингина аёл бегона болани олиб келишганини билиб қолган. Шундан кейин Фуллер болани мактабга қайтариб олиб келган, бу ерда уни онаси кутиб турган. 

Бу воқеадан кейин мактаб маъмурияти болалардан уларни олиб кетаётган одамнинг шахсини тасдиқлашни, ходимлар эса мактабдан қайтаётган ҳар бир ўқувчини икки маротабадан текширувдан ўтказишни йўлга қўйган.

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!