Тошкентнинг “Оқтепа” футбол клуби сафида Роберто Баджо тўп суряпти

12:36, 02 июнь

Тошкентнинг «Оқтепа» клуби ўз сафига Роберто Баджони қўшиб олди. Шартнома шартлари ва унинг қанчага мўлжаллангани ошкор этилмаган. Бу ҳақда “Дарё” нашри хабар бермоқда

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида таваллуд топган Роберто Баджо Номозов «Оқтепа»нинг Тошкент шаҳар 2-лигасидаги жамоаси аъзоси ҳисобланади. У 1995 йилнинг 14 апрель санасида таваллуд топган.

Роберто Баджо Номозовнинг отаси Турдимурод ака ўз фарзандига катта эҳтимол билан италиялик машҳур футболчи Роберто Баджонинг исмини беришни ният қилган. Маълумот учун, ўзбекистонлик Роберто Баджо италиялик Роберто Баджонинг машҳур пенальти зарбасидан 3 куни кам 9 ойдан кейин дунёга келган.

1994 йилги Жаҳон Чемпионатининг финалида Роберто Баджо ўйиндан кейинги пенальтилар сериясидаги сўнгги зарбани ноаниқ йўллаб, Бразилиянинг Жаҳон Кубогига эга чиқишига сабаб бўлганди.

Шунга қарамай, Роберто Баджо Италия термасининг финалга қадар етиб келишига катта ҳисса қўшган. Нимчорак финалнинг Нигерияга қарши ўйинида 88-дақиқада гол уриб, «скуадро адзурра»ни мағлубиятдан қутқариб қолган, 102-дақиқада эса пенальтидан фойдаланиб, «олтин гол»и билан Италияни чорак финалга олиб чиққан.

Чорак финалда Италия терма жамоаси Испанияни 2:1 ҳисобида мағлуб этган, Роберто Баджо бу сафар ҳам 88-дақиқадаги голи билан жамоасига ғалаба келтирган. Болгарияга қарши ярим финалда эса бир йўла дубл қайд этиб, «мовий гвардиячилар»ни финал сари етаклаган.

Мана шу воқеалардан 9 ой ўтиб, Қашқадарёнинг Шаҳрисабз туманида ўзбекистонлик Роберто Баджо туғилган.

Эслатиб ўтамиз, бунгача ўзбек оилаларида туғилган болаларга Брюс Ли, Чингачкук, Месси, Марадона, Неймар, Дэвид Бекхэм, Роналдо, Жумонг, Ишанива бошқа машҳур кино ҳамда сериал қаҳрамонлари, футболчиларнинг исм-шарифлари қўйилгани ҳақида хабарлар берилганди.

Маълумот учун, кеча — 1 июнь куни ПФЛ расмий сайти «Оқтепа» клубининг молиявий муаммолар сабаб Ўзбекистон 1-лигасидан расман четлаштирилгани ҳақида хабар қилганди.

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!