Бўзсув анҳорига 17 ёшли ўсмир чўкиб кетди

14:34, 02 июнь

Тез ҳаракат қилиш республика кўп тармоқли маркази қутқарувчи-ғаввослари учинчи кундирки Бўзсув анҳорида чўкиб кетган ўсмир жасадини қидирмоқда. Бу ҳақда “Газета.uz” хабар бермоқда

Тошкент коллежларидан бирида таҳсил олувчи 17 ёшли ўсмир сешанба куни беш нафар дўсти билан “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуасидаги анҳорда чўмилишга қарор қилади.

Дўстлар анҳорга қарийб бир вақтда сакрайди, вафот этган эса охирги бўлиб сувга тушади ва бир лаҳза сувда кўриниб, сўнгра йўқолади.

Барчаси унинг дўстлари кўз ўнгида содир бўлади, қўрқув ёки саросима сабабли улар шеригига ёрдам беришга шошилмайди. Аксинча, қирғоққа қайтиб, буюмларини йиғиштиради ва яширинишади.

Бу ҳақда вафот этган ўсмирнинг қариндоши сўзлаб берди. Унинг сўзларига кўра, ўсмирнинг ота-онасига қирғоқдаги қаровсиз буюмларни учратиб қолган ўткинчи қиз улар орасидаги ўсмирнинг телефонидан маълум қилади. Орадан бир фурсат ўтиб ўсмирнинг дўстларидан бири қайтиб, содир бўлганлар тўғрисида ота-онасига сўзлаб беради.

Уч кун мобайнида ғаввослар воқеа содир бўлган жойдан бир километргача масофада анҳорнинг туби ва қирғоқларини текшириб чиқишди, аммо жасад ҳалигача топилгани йўқ. Ғаввослар ишини сувнинг тўлалиги ва тезоқар экани қийинлаштирмоқда.

Қидирув ишлари ҳам қирғоқдан, ҳам қутқарув қайиқлари орқали амалга оширилаяпти. Анҳор туби метрма-метр қидирилаётган бўлса-да уринишлар ҳамон бесамар кетмоқда. 

Қутқарув ишларида вафот этган ўсмирнинг қариндошлари ҳам иштирок этмоқда. Улар чўкиб кетганнинг тез орада топилиши ва муносиб дафн этилишидан умид билдиришмоқда.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!