Миллионер эрини отиб ўлдирган словакиялик модель 15 йилга қамалди

15:28, 02 июнь

Испаниянинг Малага шаҳар суди словакиялик модель Майка Кукучовани собиқ эри, миллионер Эндрю Бушни ўлдирганлиги учун 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди, деб хабар берди “Lenta.ru” нашри.  

Суд жараёнида қораловчи Майка Кукучовага 20 йил қамоқ жазоси беришни сўраган, аммо воқеа содир бўлган пайтда собиқ эри Буш билан урушганлиги сабабли унинг аффект ҳолатда бўлганлиги ҳисобга олиниб, 15 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Бир нечта заргарлик дўконлари эгаси бўлмиш 48 ёшли Эндрю Буш 2014 йилда, Испаниянинг Коста-дель-Соль курортида, ўзининг уйида отиб ўлдирилган. Унга уч маротаба ўқ узилган. Воқеа содир бўлишидан сал илгари Эндрю Буш Майка Кукучова билан ажрашган ва россиялик талаба қиз Мария Коротаева билан учраша бошлаган. Улар биргаликда Испания қирғоқларида жойлашган виллада дам олишаётганда, у ерга Майка Кукучова борган. Собиқ эр-хотинлар ўртасида жанжал кўтарилган, оқибатда Майка Кукучова Бушга қарата уч маротаба ўқ узган ва воқеа жойидан яширинган. 

Полиция Майка Кукучовани ватани Словакияда қўлга олган. Модель жанжал пайтида ҳақиқатан ҳам собиқ эрига қарата ўқ узганини тан олиб, аммо уни ўлдириш нияти бўлмаганлигини билдирган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!