Россиялик хонанда Ани Лорак: “Аёл киши эрини Худо даражасида кўриши керак”

13:54, 03 июнь

Россиялик қўшиқчи Ани Лоракнинг турк тадбиркори Мурот Налчажи ўғли билан турмуш қурганига етти йил бўлди. Россия ОАВларидан бирига берган интервьюсида Ани Лорак турмуш ўртоғини биринчи учратган кунидаги каби севишини билдирган, деб хабар берди “Woman.ru” нашри.

37 ёшли, Ани Лорак тахаллуси билан машҳур бўлган хонанда Каролина эри Мурот Налчажи ўғли билан бахтли турмуши сирини ошкор қилди. 

Ани аёлларга эрини ҳурмат қилишни, чин дилидан севишни маслаҳат беради: “Биз аёллар меҳр берсак, меҳр оламиз. Муҳаббат кичкина учқундан алангаланади, у ўчиб қолмаслиги учун тинимсиз ўтин қалаб туришимиз керак”. 

“Эркак — аёл учун Худо даражасида, аёл эса эркак учун тақдир инъоми бўлиши лозим”, дейди Ани Лорак Teleprogramma.pro порталига берган интервьюсида. У муносабатларга путур етказмаслик мақсадида доимо муроса қилишга ҳаракат қилади. Мабодо жаҳл устида турмуш ўртоғига қаттиқ гапириб қўйса, айбини ювиш мақсадида жилмайишга, қаҳва ёки бирор мазали егулик тайёрлашга киришади. Хонанданинг фикрича, аёл доимо ўзига қараб юриши, ораста ва озода бўлиши лозим. У уйда бўлган пайтида ҳам сочини чиройли турмаклаб, енгил пардоз қилади, эрига чиройли кўринишга интилади.

Ани Лоракнинг бундай муносабатига эри Мурот ҳам муносиб жавоб беради. У рафиқасига совғалар, сюрпризлар ҳадя этишга интилади. Хонанда гастролга кетган пайтида ҳар куни қўнғироқ қилиб, хабарлашиб туради, уни қўллаб-қувватлайди. 

“Ҳақиқий муҳаббат учун вақтинчалик айрилиқ унинг гулханини ўчириш учун эмас, балки алангалатиш учун хизмат қилади, деган фикр менга жуда ёқади. Бизнинг оиламиз гулхани ёлқинланиб турганидан жудаям бахтлиман. Унга ўтин ташлашдан тўхтамаймиз. Ҳаёт ўзинг ва муносабатлар учун тер тўкиб меҳнат қилишингни талаб қилади. Фақат меҳнат қилишдан тўхтамаслик керак”, дейди севимли рафиқа ва она Ани Лорак.

Бу бахтли жуфтликнинг беш ёшли София исмли қизалоғи бор. Ани Лоракнинг мухлислари унинг яна бир фарзандни дунёга келтиришига умид қилишади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!