Наргиза Зокирова 20 йиллик турмушдан сўнг эри билан ажрашишга қарор қилди

14:38, 03 июнь

Хонанда Наргиз Зокирова 20 йиллик турмушдан сўнг эридан ажрашишга қарор қилди, деб хабар берди “7days.ru” нашри.

Хонанда Наргиз Зокирова итальян миллатига мансуб эри Филипп Бальзано билан ажрашаётганлигини оммага ошкор қилди. Улар 20 йил бирга яшашган, Сабина, Ауэль, Лейла исмли уч фарзандлари бор. Яқинда тўнғич қизлари Сабина уларга невара ҳадя қилди. Аммо анча йилдан бери жанжалга сабаб бўлаётган молиявий можаролар туфайли жуфтлик ажрашишга қарор қилди. Хонанда никоҳни бекор қилиш учун никоҳ қайд этилган Нью-Йорк шаҳар никоҳни қайд этиш бўлимига ариза топширган.

Наргиз Зокирова ўзининг микроблогида эри Филиппнинг 40 минг доллар талаб қилиб ёзган хати скриншотини кўрсатган.

“Талаб қилаётган пулимни ҳисобимга ўтказишинг учун жума, кечки соат бешгача вақтинг бор. Мен ўтказилиш керак бўлган пул миқдорини яна бир марта текшириб кўрдим, у ерга ҳеч қачон охири кўринмайдиган уй таъмири ва матнлар учун гонораримни қўшмадим”, деб ёзади Филипп.

Наргиз Зокирова яқингача берган интервьюларида оилани сақлаш, бахтли оила ҳақида бошқаларга маслаҳат берганди. Филиппнинг овозини илк маротаба эшитгандаёқ уни ёқтириб қолганлигини, эри билан у қўшиқ айтадиган ресторанда танишиб қолганлигини тўлқинланиб гапирганди. Яқин дўстларининг айтишича, бу муҳаббат 20 йил давомида ҳам сўнмаган эди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!