Тошкентда “Maтиз” ва “Кобальт” иштирокидаги ЙТҲда 3 киши жабрланди (Фото)

15:11, 03 июнь

Roison заводига элтувчи йўлда бугун эрталаб йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда “Nuz.uz” нашри мухбирларига гувоҳлар хабар бериб, олинган суратларни тақдим этишган. “Кобальт” ҳайдовчиси вақтдан ютиш мақсадида мумкин бўлмаган жойдан машинасини буриб, узлуксиз чизиқни кесиб ўтган. Бу пайтда ўз йўлида келаётган “Maтиз” ҳайдовчиси тормоз беришга улгурмай, машиналар рўпарама-рўпара тўқнашган.

Зарбанинг кучлилигидан “Кобальт”нинг олд ўриндиғида ўтирган йўловчи боши билан машинанинг олд ойнасини синдириб юборган. Ҳар иккала машина ҳайдовчилари ҳам тан жароҳатлари олган. ЙТҲнинг беҳуш ҳолдаги уч нафар жабрланувчиларини “Тез ёрдам” пойтахт касалхоналаридан бирига етказган. Даҳшатли ЙТҲга гувоҳ бўлган Roison заводи ишчилари биринчи ёрдам кўрсатиш мақсадида сув, аптечка кўтарган ҳолда воқеа жойига шошилган. Қисқа лаҳзаларда етиб келган ЙҲХБ ходимлари одамлардан тарқалишни илтимос қилган.

Гувоҳларнинг хабар беришича, “Матиз” автомашинасининг орқа ўриндиғида 13-15 ёшли қиз ҳам бўлган, унга тан жароҳати етмаганлиги боис, такси тўхтатиб, уйига кетган. Шуни таъкидлаш жоизки, ҳар уч жабрланувчи ҳам хавфсизлик камарини тақмаган. Балки шу қонун бузилиши ҳолатининг ўзи ҳам даҳшатли воқеага сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!