Тошкентда болалар мода фестивали бўлиб ўтди

16:03, 03 июнь

Тошкентдаги Ёшлар ижод саройида «Болажонлар-ширинтойлар» Республика болалар мода фестивали бўлиб ўтди.  

Фестивалда дизайнерлар томонидан тақдим этилган тўпламлар томошабинларга ҳавола этилди. «Томоша», «Тантана» ва «Diamonds kids» болалар ижодий гуруҳларининг ёш моделлари, шунингдек, «Колибри» арт-бюроси мода мактабининг уч ёшдан ўн беш ёшгача бўлган 180 нафар тарбияланувчиси турфа рангдаги нафис либосларни намойиш этди.

Фестиваль уч босқичда ўтказилди. Биринчи босқичда юзга яқин дизайнер иштирок этиб, унда либос тўпламлари эскизлари саралаб олинди. Иккинчи босқичда либоснинг конструкциясига, инсон қоматига мослиги ва технологик ишлов берилишига аҳамият берилди. Учинчи босқичда 59 нафар дизайнер томонидан яратилган, безак ва аксессуарлар билан уйғунлашиб, тўкис ансамблни ташкил этган 40 либослар тўплами саралаб олинди. Танловда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Андижон, Фарғона ва Самарқанд вилоятларидаги профессионал дизайнерлар билан бирга, олий ўқув юртлари талабалари, коллежлар ўқувчилари ҳам иштирок этди.

Ҳакамлар ҳайъати ижодий ишларни «рret-a-porter», миллий ва спорт услуби, байрам либоси, мактаб формаси, оилавий либос тўплами, бўлғуси оналар учун либос номинациялари бўйича баҳолади.

Дизайнерлар Дилёра Каримова, Маргарита Исакова, Наргиза Ўрозова, Зебунисо Ғаниева, Севара Зуфарова, Умид Комилов, Шаҳзод Маҳмудов, Камола Жўраева, Шаҳноза Қобилова, Умида Ҳамидова ғолиб, деб топилди. Уларга махсус сертификат ва эсдалик совғалари топширилди.

Фестивалда тақдим этилган болалар либосларининг дастлабки намуналари мамлакатимиздаги тўқимачилик ва енгил саноат корхоналарида кенг миқёсда ишлаб чиқариш учун тавсия этилади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!