Ота-онаси томондан ўрмонга ташлаб кетилган япониялик бола тирик топилди

16:41, 03 июнь

Ота-онаси томондан олти кун олдин ўрмонга ташлаб кетилган етти ёшли япониялик бола соғ-саломат топилди, деб хабар берди “Lenta.ru” нашри.  

Бола ота-онаси ташлаб кетган жойдан беш километр узоқда, Япония мудофаа кучлари полигони ҳудудидан топилган. Ўзини Ямато Танука деб таништирган болакай маҳаллий вақт билан соат 07:50 да аскарлар дам олиши учун қурилган уйчадан топилган.

Ҳарбий хизматчилардан бирининг айтишича, бола матрас устида ўтирган. Аскарлар бола узоқ вақт ҳеч нима емаганлиги, оч бўлгани учун унга гуруч ва нон беришган.

Маълумотларга кўра, боланинг соғлиги жойида, ҳеч қандай тан жароҳати олмаган. У вертолёт орқали маҳаллий касалхонага келтирилган. Тануканинг айтишича, ота-онаси уни ўрмонда қолдириб кетгач, ўрмон ичидаги сўқмоқ йўл орқали уйчага ўзи етиб борган.

Япония мудофаа кучлари 1 июнь куни болани қидиришга сафарбар қилинган. Қидирувга 70 нафар ҳарбий хизматчи, 200 нафар полициячи ва кўнгиллилар жалб қилиниб, улар Хоккайдо ороли ўрмонидан болани излашган. 

Боланинг ота-онаси уни 28 май, шанба куни бедарак йўқолганини, аммо бироз вақт ўтгач, болани жазолаш мақсадида ўзлари ўрмонга ташлаб келишганини тан олган. Улар болани қўрқитиш мақсадида ўрмонга ташлаб, бир неча дақиқадан кейин қайтиб бориб, топа олишмаган. 

Ҳукумат вакиллари Тануканинг ўрмонда ҳалок бўлишидан хавфсирашган, чунки бола жуда енгил кийинган, ўрмонда ҳарорат кечаси етти даражагача тушиб кетади, буни устига айнан шу ҳудудда 31 май куни кучли ёмғир ёққан.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!