Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳрида теракт юз берди

10:37, 06 июнь

Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳрида 5 июнь куни террорчилик ҳаракатлари содир этилди, деб хабар берди “Lenta.ru” нашри

Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳрида 5 июнь куни бир гуруҳ жангарилар “Паллада” номли қурол-аслаҳа сотиш билан шуғулланувчи дўконга ҳужум уюштириб, сотувчи ва дўкон қўриқчисини ўлдиришган. Иккинчи дўконга ҳужум қилинганда бир харидор ҳалок бўлган, иккинчиси эса ярадор бўлган. Отишма пайтида полиция томонидан уч террорчи йўқ қилинган, бири эса қўлга олинган. 

Бундан ташқари, жангарилар йўналишдаги автобусни қўлга олиб, ҳарбий қисмга ҳужум уюштиришган. Отишма вақтида уч ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган, олти киши яраланган. Ҳарбий хизматчилар ҳужумни қайтаришга эришган бир жангари отиб ўлдирилган, бири эса ярадор аҳволда қўлга олинган. 

Жангарилар ҳужумидан умумий ҳисобда 6 киши ҳалок бўлган (уларнинг 3 нафари ҳарбий хизматчилар), 10 киши ярадор бўлган (уларнинг орасида 6 нафар ҳарбий хизматчи ва 3 нафар полициячи бор). Жангариларнинг ҳужуми туфайли шаҳардаги кўнгилочар муассасалар ёпилган, жамоат транспорти тўхтатилган. Фуқароларга уйдан чиқмаслик буйруғи берилган.

Айни пайтда Ақтўбе шаҳрида интернет йўқ, мобиль алоқа узилиш билан ишламоқда. Кўчаларда одам кам, жамоат транспорти ҳаракати ҳам чегараланган, осмонда вертолётлар учмоқда. Ақтўбе вилояти ҳокими Бердибек Сапарбаев телевидение орқали вилоят фуқароларига мурожаат қилиб, вазият назорат остидалигини, хотиржамликни сақлаш, ваҳимага тушишга ҳожат йўқлигини, вилоятда антитреррорчилик тадбирлари ўтказилаётганини билдирган ва фуқароларни ҳушёрликка чорлаган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!