Тошкентда Пушкиннинг 217 йиллиги кенг нишонланмоқда

12:44, 06 июнь

Бугун эрта тонгда Тошкентда Александр Сергеевич Пушкин ҳайкали ўрнатилган хиёбонда шоир таваллудининг 217 йиллигиа бағишланган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда таниқли шоир ва ёзувчилар, Россиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳамда Республика байналмилал маданият маркази вакиллари, ўқувчи ва талабалар иштирок этди. 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али тадбирни кириш сўзи билан очар экан, Пушкин ижоди ҳар икки халқ ўртасидаги маданий алоқаларнинг ўзига хос тимсоли эканини таъкидлаб ўтди. Унда сўзга чиққан Россиянинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев, Республика Байналмилал маданият маркази директори ўринбосари Сергей Миронов, Россия Фан ва маданият марказининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Виктор Шулика ва бошқалар Пушкининнг ҳаёти ва ижоди, унинг икки халқ маданий алоқалари ривожида  тутган ўрни ҳақида тўхталиб ўтишди. 

Таъкидланганидек, ҳар йили  6 июнь куни бутун дунёда рус адабиётининг қуёши дея таърифланадиган шоир, носир ва драматург Александр Сергеевич Пушкин таваллуд санаси рус тили куни сифатида  байрам қилинади. Ушбу кун юртимизда ҳам кенг миқёсда нишоналади. 

Дарқақиқат, Пушкинни, Ўзбекистон ва ўзбеклар билан боғлаб турадиган ришталар кўп. Унинг деярли барча асарлари Чўлпон, Ҳаимд Олимжон, Ойбек, Усмон Носир, Абдулла Қаҳҳор, Мақсуд Шайхзода Эркин Воҳидов сингари кўплаб ўзбек шоир ва ёзувчлари, таржимонлари томонидан таржима қилинган. 

Ўз даврида Пушкин ҳам ўша пайтлардаги ўзбеклар ва ўзбек хонликларидаги вазият билан яхши таниш бўлгани унинг кўплаб асарларида яққол аксини топган. Пушкин ўз шеърларида, “Капитан қизи”, “Пугачев тарихи”, “Пётр тарихи” номли асарларида Хива, Бухоро хонлигидаги вазият, икки томонлама савдо-иқтисодий ва маданий алоқалар ҳақида қимматли маълумотлар беради. 

Тадбирда Пушкин ижодини ўрганишга бағишлаб  талаба ва ўқувчилар ўртасида ўтказилган танлов ғолиблари эълон қилинди ва уларга дипломлар, эсдалик совғалари топширилди. Ёшлар ижросида рус ва ўзбек тилларида   Пушкин қаламига  мансуб шеърлар жаранглади. 

Пушкин таваллудига бағишланган тантаналар бугун кеч соат 18:00 да мазкур хиёбонда, эртага Республика байналмилал маданият марказида давом этади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!