Мистик ҳикоя: Ажиноёқдаги шам ёғдуси

14:44, 06 июнь

“Ҳар биримиз ҳаётимизда баъзан ғаройиб, баъзида қўрқинчли, айрим пайтларда ҳайратланарли воқеаларга дуч келиб турамиз. Мен ҳам ана шундай воқеага яқиндагина дуч келдим”, дея ўз мактубини бошлабди қашқадарёлик мухлисимиз Ғиёс Фазлиддинов. Давоми эса ундан-да қизиқ. Келинг, биргаликда ўқишда давом этамиз...

“Эшитган бўлсангиз, боболаримиз, момоларимиз гоҳида “Ўзи у ер хосиятсиз, дуо ўқиб туриш керак”, дея айрим сирли жойлар  гапириб қолади. Бизнинг қишлоғимизда ҳам худди шундай жой бор эди. Номи ҳам ажойиб — Ажиноёқ. 

— Бобо, Ажиноёқ нима дегани? Буришиб-тиришиб қолган, ажинли оёқми? — сўрагандим бир гал бобомдан.

Бобом эса гапимдан соқоллари селкиллаб кулганди. Сўнг эса деганди:

— Ажин оёққа тушса, ҳеч ким кўрмайди. Аҳамият ҳам бермайди. Шунинг учун бирор жойга бунақа ном қўйилиши ҳам гумон. Бу жойнинг асл номи — Ажина оёқ. Менимча, “Ажинанинг оёғи теккан жой” деган маънони берса керак. Чунки у ерда кўпчилик ғалати воқеаларга гувоҳ бўлган.

— Қанақа воқеа бобо?

— Кимдир овоз эшитган, бошқа биров шарпа кўрган. Айримлар қаҳ-қаҳа овозини ҳам эшитишган. У ердан узоқлашсанг, бунақа ҳодисалар бўлмайди. Фақат ўша ерда бўлгани учун ҳам номи — Ажиноёқ.

Бу гапларни аввал ҳам эшитганман. Ҳар сафар менда қизиқиш уйғотган. Ажиноёқ бизнинг қишлоқ ва унга туташ бўлган кичиккина Боғли қишлоқчаси оралиғида жойлашган. Ўша қишлоқча болалари бизнинг мактабга қатнаб ўқишади. Энг қизиғи, бу болаларнинг бирортаси юқоридаги ажабтовур воқеаларга дуч келишмаган. Шунинг учунми, улардан суриштирсам, бир хил гапни айтишади:

— Қўйсанг-чи, бу қўрқоқлар чиқарган баҳона.

Аммо бобом бундай фикрда эмас.

— Болалар мактабга ёлғиз келишмайди. Яна улар кечаси юришмайди. Ажиноёқдаги воқеалар асосан кечаси рўй беради, — дейди бобом ишонч билан.

Бу гапдан сўнг мен ҳам ишонгандек бўламан. Лекин эсимдан чиқиб кетади гоҳо. Ана шундай, Ажиноёқнинг миш-мишлари ёдимдан кўтарилган дамлар эди.  

— Болам, Боғлига бориб келсанг-чи? — деб қолди бобом яқиндагина қўшни қишлоқчани назарда тутиб.

— Тинчликми? 

— Ортиқ ака бор-ку! Сизлар Хўрозқанд бобо дейсизлар. Бир пайтлар хўрозқанд сотган. Ўша бир қўзили совлиғини сотаётган экан. Қўшнимиз раисга телефон қилибди. Раис “Олмайман”, деди. Пул зарур бўлгани учун арзон бераётган экан. Олиб қўяйлик. Эшакни миниб ол. Ортасан-у, олиб келасан.

— Қўзиси бор деяпсиз-ку! Иккаласини орта олмайман. Яхшиси, пиёда бориб, етаклаб олиб келаман, — дедим мен.

— Ўзинг биласан. Пулга эҳтиёт бўл. Тезроқ бориб кел. Қоронғига қолма, — деди бобом кеч тушаётганидан хавотига тушиб.

— Бораман-у келаман, — дея йўлга тушдим.

Одатда қўйларнинг қўзичоғини кўтариб олсангиз, ортингиздан эргашиб келаверади. Шундай қиламан, деб ўйлагандим. Аммо сотиб олган қўйимизнинг қўзиси анча катта экан.

— Чарчаб қоласан, қўйнинг бўйнидан ип ўтказиб бераман, қўзиси ўзи эргашади, — деди Хўрозқанд бобо.

Ипни маҳкам ушлаб қўлга тушдим. Совлиқнинг қўзиси ўйинқароқ экан. Диконглаб ҳали у ёққа чопади, ҳали бу ёққа. Онаси эса унга илҳақ бўлиб юрмай қўяди. Икки ўртада мен қўйни судраб қора терга ботдим. Кеч ҳам тушди. Ажиноёққа етганмизда атроф зимистон эди. Телефонимнинг ёритгичини ёқиб, йўлда давом этдим. Кутилмаганда қўй юриш ўрнига ҳуркиб қочмоқчи бўлди. Сал нарида турган қўзининг ҳам қотиб қолгани ёниб турган икки кўзидан маълум. “Нима бўлдийкан?” дея атрофга алангладим. Йўлнинг нариги тарафидаги дарахтзор ичида бир ёғду липиллаб турарди. Худди кимдир шам ёқиб тургандек. “Кўзимга кўриняптими?” десам қўй ҳам ўша томонга қараб қотиб қолган. Телефонимнинг ёритгичини ўша тарафга қаратдим. Шам ёнгандек ёруғлик турибди-ю, уни тутиб турган жонзот кўринмайди.

— Ким у? Кимдир борми? — дедим бор овозда.

Туйқус қиқирлаган овоз эшитилгандек бўлди. Қўй ҳуркди. Қўзичоқ қочишга улгурди ҳам.

— Ярамас, қўзини қочирдинг! — дедим беихтиёр бақириб. Кейин бирдан Ажиноёқда турганим ёдимга тушиб, юрагим ортга тортди. Ўзим билмаган ҳолда калима қайтаришга тушдим. Ишонасизми, ҳалиги шам ёғдуси лип этиб сўнди. Қўйим ҳам ўзига келиб маъради. Қўзиси ёнига югуриб келди. Уйга қандай етиб келганимни билмай қолсам, денг. Рангимда қон қолмаганини кўриб онам сув ичирди. Лабларим атрофига учуқ тошиб кетганди...” 

КАМИНА оққа кўчирди

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!