Юнусобод туманида йўқолган қиз соғ-саломат ҳолда топилди

10:18, 07 июнь

3 июнь куни Тошкент шаҳри Юнусобод туманида 16 ёшли ўқувчи қиз йўқолиб қолгани ҳақида хабарлар тарқалди. Қизнинг суратлари ижтимоий тармоқларда ҳам чоп этилиб, уни излаш ишлари кенг кўламда олиб борилди

“Новости Узбекистана” нашрининг маълум қилишича, Нигора исмли ўқувчи қиз топилган. 

Нигора ўқиган 302-мактаб ўқитувчилари, ички ишлар ходимлар, кўнгиллилар, қизнинг ота-онаси уни Юнусобод туманидан қидиришди, ҳамма жойга хабарномалар илинди. Асосий қидирув ишлари қизни охирги марта кўришган Универсам атрофида ўтказилди. Аммо Нигора умуман бошқа жойдан топилди. Отасининг айтишича, бутун шаҳар оёққа туриб, Нигорани қидираётган пайтда, у соғ-саломат, Ҳасанбойдаги дугонасининг уйида ўтирган. 

Ўша куни Нигора дугонаси билан аввалига велосипедда учишган, кейин кинотеатрга йўл олишган. Кинодан чиқиб, кафеда ўтиришган, сайр қилишган, қисқаси кунни жуда кўнгилли ўтказишган. Нигора соатга қараганда тунги 10 бўлган. Дугонаси унга “Кеч бўлди, уйга борсанг, ота-онанг уришади, яхшиси меникида қол, эрталаб кетасан”, дейди. Эрталаб эса Нигорани қидиришаётганлиги маълум бўлган. Икки дугона қўрқиб кетганидан яширинишга қарор қилиб, қўл телефонларини ўчириб қўйишади.

– Бошимга кулфат тушганда шаҳримизда бегона одамга ҳам ёрдам қўлини чўзадиган раҳмдил, яхши инсонлар кўплигини англадим, – дейди Нигоранинг отаси, – Уларга қандай миннатдорчилик билдиришни ҳам билмайман... Қизимни қидиришда ёрдам берган барчага оиламиз номидан катта раҳмат айтаман. 

Яхшиямки, ҳаммаси ижобий якун топди, кечқурун Нигора соғ-саломат уйига қайтди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!



Гость 15:05, 07 июнь
soat 10gacha bolani dada kutib o'tirmasdan harakat qilsa o'ladimi. maktab direktiyu kuratorni damdala chiqqandir, suroq beraverib. hee sandaqa oilani