11 ёшли бриятаниялик қизча бир марта кийган кўйлагини иккинчи марта киймайди(Фото)

14:43, 08 июнь

Британиялик Лили Рэй исмли қизалоқнинг отаси, биржа брокери Боб Порт ва онаси Карли Изаттлар қизларининг ўқишдаги муваффақияти эвазига ойига шопинг учун минг фунт стерлинг пул ажратади, деб хабар берди “Сosmo.ru” нашри.   

Лили Рэй нафақат мактабда аъло баҳоларга ўқийди, балки рақс, сузиш, гольф, футбол, скрипка чалиш, фрацуз тили машғулотларига ҳам боришга вақт топади. Чунки Лили буларнинг эвазига катта миқдордаги пулга эга бўлишини яхши билади. Қизчанинг либосларига машҳур юлдузлар ҳам ҳавас қилса арзийди. Лили Рэй мактабга Prada брендининг туфлисини кийса, Longchamp сумкасини тутади. У Moncler ва Chloe брендларининг либосларини яхши кўради.

“Гардеробим жудаям катта, у ерда ҳеч қачон киймаган кийимларим ҳам кўп. Чунки уларни кийиб улгурмайман. Баъзиларини унутиб ҳам юбораман, эсимга келиб киймоқчи бўлсам, кичкина бўлиб қолганини кўраман. Ҳеч қачон бир марта кийган кўйлагимни иккинчи маротаба киймайман”, – дейди Лили Рэй. 

Қизчанинг энг сўнгги урфдаги либосларда тушган суратларини Instagram фойдаланувчилари диққат билан кузатиб боради. Бу кўп ўтмай, ўз самарасини берди. Лили 11 ёшда бўлишига қарамай, моделлик агентликлари билан шартнома тузишга муваффақ бўлди.

Танқидларга қарамай, қизча ўзини тантиқ деб ҳисобламайди: “Мен бошқалар каби оддий қизман. Мактабдан келиб, албатта бирор юмуш билан банд бўламан, аммо қанча ҳаракат қилсам ҳам чарчаш нималигини билмайман”. 

Лили-Рэй ота-онасининг унга пул беришини қораламайди: “Ота-онам муваффақиятга эришишимни истайди, бу билан улар қанча кўп нарса ўргансанг, билсанг, шунчалик кўп пул топиш мумкинлигини менга амалда исботлашмоқда. Мен уларнинг бу ишидан талтайиб кетмаганман, шундай ота-онам борлиги омадим ва бахтимдир”.

Лили Рэй келажакда дизайнер ёки биржа брокери бўлишни орзу қилади. Агар у 16 ёшга тўлгунча чет тилини ва бирор мусиқа асбобини чалишни яхши ўрганса , отаси 10 минг фунт стерлинг беришга ваъда берган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!