“Учинчи кўз”нинг синоати

16:42, 08 июнь

—  Болалигимда кўзимга ҳар хил нарсалар кўринарди, — дея гап бошлади бухоролик Зебо опа. — Агар бировлар айтса ишонмасдим. Ўзимнинг бошимдан ўтгани учун бу дунёдаги барча сир-синоатларга ишониб қолдим.

Онамнинг айтишича, менинг “учинчи кўз”им бор экан. Бу кўзим орқали ҳеч ким илғамайдиган, кўрмайдиган нарсаларни кўра олар эканман.

Вояга етганимдан сўнг ота-онам мени узатишди. Орадан бир йил ўтгач, фарзандли бўлдим. Шундан сўнг тушимда кимларнидир кўра бошладим. Кимлардир менга аллақандай воқеаларни айтиб кетарди.

Бир куни тонгга яқин туш кўрдим. Кимдир менга “Сени отанг бир йилдан сўнг 29 июлда, саратон касалига йўлиқиб, соат ўн бешта кам еттида  вафот этади”, деди. Кўрган тушимдан қўрқиб, чўчиб, уйғониб кетдим. Дарҳол югуриб бориб уйимиз орқасидан оқиб ўтадиган сувга тушимни айтдим. Чунки ёмон тушни сувга айтса, сув уни оқизиб кетади, деб эшитандим.

Ўша кундан сўнг ҳаловатимни йўқотдим. Қўрқув ичида яшадим. Бу орада отамнинг соғлигини тез-тез сўрайдиган бўлиб қолдим. Бундан эса онам ҳайрон. Отам бўлса, бирор жойим оғрияпти, деб ҳам айтмасди.

Бир куни юрак ютиб онамга бу ҳақда айтдим. Онам гапларимни эшитган заҳотиёқ отамдан айрилиб қолмайлик, дея турмуш ўртоғини мажбурлаб шифохонага олиб боришди. Барча текширувлардан ўтказишди. Афсуски кечикибмиз. Отам ростдан ҳам саратон касалига чалинган экан.

Уйга хомуш бўлиб қайтдик.

Бу орада укам тўй қиладиган бўлиб қолди. У тўйни айнан 29 июлга мўлжаллабди. Мен бўлса бу санада тўй қилмасликни унга роса уқтирдим. Аммо сабабини айтолмадим.

—  Тўйни 27 июлда ўтқизасан. Отамнинг мазаси йўқ. Зўрға юрибди, — дея уни бу фикридан қайтаришга уриндим.

—  Опа, қизиқмисиз, отам туппа-тузук юрибдилар-ку! Мени бу санада вақтим йўқ. Ишим бошимдан ошиб ётибди. Шунинг учун якшанба кунига мўлжалладим, — дея укам ўз сўзида туриб олди.

Аммо мен ҳам бўш келмадим. Ахийри укамни тўйини мен айтган кунда қилишга кўндирдим.

Тўй хурсандчилик билан ўтди. 29 июль куни ҳам етиб келди. Онам билан менинг юрагим таҳликада. Шунинг учун барча оила аъзоларини отамникига йиғдик. Дастурхон атрофида ўтириб овқатландик. Шундан сўнггина онам фарзандларига отамнинг касалини айтди. Ҳамма  довдираб қолди. Кейин отам ётган хонага ёпирилиб киришди. Отам ҳаммамизга бир-бир қараб чиқди. Соат кечқурунги олти бўлди. Юрагим така-пука бўла бошлади. Бир пайт беҳол ётган отам қўлини тепага чўзиб  деди:

—  Дада, анави  узумдан олиб беринг. Мунча чиройли бўлиб пишган экан-а? — кейин эса, худди нимадир егандек тамшаниб қўйди. — Мунчаям асал бўлмаса бу узум...

Соат миллари ўн бешта кам етти бўлишига озгина қолди. Кўзларимга ёш қўйилиб келарди. Ўзимни зўрға тутиб турибман. Айтилган вақт етиб келди. Отам шундоққина кулимсираганича калима қайтарди-ю, ўнг томонига қайрилган боши шилқ этиб тушди. Ҳаммамиз йиғлаб юбордик. Овозни эшитган қўни-қўшнилар дарҳол уйимизга чиқишди. Ҳеч ким отамнинг ўлганига ишонмасди. Чунки эрталаб отам дарвоза олдида невараларига иш буюраётганини қўшнилар кўрган экан-да.

Шундай қилиб отам тушимда айтиб кетилган вақтда вафот этди. Қизиғи шундаки, бундай башоратомуз тушларни ўшандан бери қайтиб кўрганим йўқ. 

Хонбиби ҲИММАТ қизи ёзиб олди

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!