Биз ўлимни сезамизми?

16:31, 09 июнь

Бу воқеани таҳририятга қўнғироқ қилган жиззахлик муштарий — Жамол Насриддинов ҳикоя қилиб берди. Унинг сўзлари, суҳбати ноодатий саволлар билан бошланди...

— Сиз бирор марта ўлим қаршисидаги инсонни кузатганмисиз? Бир бор бўлса-да, ажали яқин одам билан суҳбат қурганмисиз? Мен эса бу каби инсонларга хаётим давомида бир неча марта рўбарў келдим. Кузатиб амин бўлдимки, айрим инсонлар ўз ўлимини олдиндан сезадилар.

Бобом вафот этганида бор-йўғи ўн ёшда эдим. Аммо кўп нарса хотирамда қолган ва ўша пайтдаёқ таҳлил қила олган эканман. Энди ўйласам, бунда ҳам бобомнинг роли катта бўлган ва у киши ўлимига мени руҳан тайёрлаб келган. 

Ишонсангиз, мен бобомдан бир қадам ҳам узоқлашмас, доим ортидан қолмайдиган невараларидан эдим. Бирга қўй боқардик, чойхонага чиқардик, меҳмонга борардик. 

— Бу менинг “думим”, у ёнимда бўлмаса бир нимамни йўқотгандек бўлавераман, — дерди бобом тенгқурларига мени кўрсатиб.

Ўзи ҳам ўрганиб қолгани учунми, бирор ўйинга чалғиб қолсам дарров ёнига чақирарди. Менам ўша заҳоти эргашардим. Лекин бора-бора мени ўзидан узоқлаштира бошлади. 

— Сен дарсингни қил, ўзим қўйларга қарайман.

— Бувинг билан бориб кел, мен озроқ дам олай...

— Ойингга ёрдам бер, мен қўшни бувангни йўқлаб келай...

Бобомнинг бу каби сўзларидан хафа бўла бошладим. Сиртимда чиқармасам-да, ичимда ранжирдим. Афсуски, бир ойдан сўнг соппа-соғ юрган бобом тонгни жонсиз қаршилади. Энг қизиғи, ўша тунда менга тайинлаган гапи эди. Кўзимга уйқу ингунча икки бор уқтирди:

— Эрталаб эрта туриб, қўйларга ўзинг қара. Мен уйғотма. Бувингга айтиб кет, ўзи уйғотади. 

Кичик бўлганим учун мен бу гаплар замирида не борлигини англамадим. Бобомнинг одатдаги мени ўзидан йироқлаштириши деб тушундим. Айтганини қилдим ҳам. Уйғонган заҳотимоқ, туриб қўйларни ҳайдаб кетдим. Мени ҳамон ҳайратга солгани нарса ўша куни қўйларимизнинг қўрадан чиқишни истамагани бўлди. Ҳар куни қирга қараб югурадиган қўйлар ўзини қўранинг тўрига урарди. Амаллаб ҳайдаб кетдим. Кетгунча ҳам уйга интилишди улар. Орадан бир соат ўтар-ўтмас уйимиз томондан келаётган овоз мени сергак торттирди. Қулоқлари динг бўлган олдимдаги жониворлар ҳам бир нимадан ҳурккандек, типирчилаб уй томон югуришди. Ноилож мен ҳам улар ортидан чопқилладим. Келиб билдимки...

Мен ҳамон ҳайрон қоламан. Бобом ўлимини олдиндан сезиб, менинг қўрқиб кетмаслигим учун уйғотмаслигимни сўрадими? Одатда ҳаммадан олдин уйғонарди-ку! Наҳот, бобом бор эътиборини бериб парваришлайдиган қўйлар ҳам унинг ўлимини сездими? Ё бу воқеалар оддий тасодифми?

Баъзан буни тасодифга йўйгим келади. Бироқ яна бир воқеа одамлар ўлимини олдиндан сезиши мумкин, деган фикрга келишимга туртки бўлади. Бунга унча кўп бўлгани йўқ. Энг яқин ўртоғим бир неча бор қўнғироқ қилиб деди:

— Жўра, мен кетадиган бўлсам, болаларим билан хабарлашиб тур.

— Қаёққа кетаяпан? — дедим ҳайрон бўлиб. 

— Мабодо... дейман-да... — деди у хўрсиниб.

Мен бошқалар қатори четга ишлагани кетмоқчидир, деб хаёл қилдим. Афсус, минг афсуски, у яқинда автоҳалокат туфайли вафот этди. Шунинг ўлими сабаб ҳам сизларга қўнғироқ қилдим. Наҳот, одамзот ўз ўлимини сезади? Сиз нима дейсиз? Шундай синоатга дуч келганмисиз?

КАМИНА ёзиб олди

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!