Лицензиясиз фаолият юритаётган созанда ва раққосалар жаримага тортилди

16:48, 10 июнь

Самарқанд шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан шаҳардаги тўйхоналарда махсус рухсатномасиз созандалик ва раққосалик билан шуғулланаётганларни аниқлаш мақсадида назорат тадбирлари ўтказилмоқда. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Шаҳардаги “Боғибаланд” тўйхонасида ўтказилган назорат тадбирида фуқаро Нодир Алимов, Нигора Якубова, Зарнигор Бабаярова махсус рухсатнома олмасдан созандалик ва раққосалик фаолияти билан шуғулланаётгани аниқланиб, белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 190-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган. 

Қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2015 йил 4 ноябрдаги ҳукми билан Н.Алимовга Жиноят кодексининг 190-моддаси 2-қисми “б” банди билан энг кам ойлик иш ҳақининг 30 баравари миқдорида, Н.Якубова ва З.Бабаяровага эса Жиноят кодексининг 190-моддаси 2-қисми “б” банди билан уларнинг ҳар бирига нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 20 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!